Чегара. Бу сўз кимгадир оддий эшитилса, яна кимгадир оғир ҳўрсиниқлар беради. Паспортга чегара муҳрини бостириш учун доим қовоғи уюқ чегарачи олдига айб қилган боладек шумшайиб бориш ва ҳар гал айтиладиган терс гаплар ичингга чуқур ботиб кетади. Йилда бир эмас, икки эмас, кунора шу ҳол такрори кишини изтиробга солади.
Фарғона вилоятининг эксклав ҳудуди ҳисобланган Сўх туманига олиб борувчи чегаралардан ўтиш бир вақтлар инсонларга ана шундай азоб берган. Сўх — Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудуди билан ўралган, Ўзбекистонга қарашли тумандир.
“Дарё” мухбири Сўхга сафар қилиб, чегара божхона постлари орқали ўтишнинг аввалги ва ҳозирги ҳолатини ўрганди. Сўхлик Баҳодир Сафоевнинг хотирлашича, бир вақтлар Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара божхона постиларидан ўтиш ғоятда мураккаб бўлган. Одамлар узундан узоқ навбатда туриб, чегарадан ўтишни соатлаб, ҳатто кунлаб кутишга мажбур бўлган.
“Чегара олдин қанақа бўлганини сўхликлардан сўрасангиз, йиғлашади. Давлатнинг кўп идораларида ишлаганим учун авваллари Фарғонага ҳисобот топширишга бориб-келиш қийин эди. Постда ҳатто кунлаб навбатда турганмиз. Чегара деган сўзни эшицам, қалтирайдиган бўлиб қолгандим. Оворагарчилик ниҳоятда кўп эди. Фарғонага бормоқчи бўлсак, навбат кўп бўлса, еймиз деб ёнимизга нон ва сув олардик.
Бир инсоннинг отаси Фарғонадаги шифохонада вафот этган. Чегарадан Сўхга майитни ўтказиб, ўғлини ўтказишмаган. У ўз отасини кўмишга кела олмаган. Бир жойда яшаб, отасини кўма олмаганлар бўлган. Ваҳоланки, Сўх ҳам Ўзбекистоннинг тумани”, – дея ўтган кунларни эслайди у.
Баҳодир Сафоевнинг айтишича, илгари икки давлат фуқаролари ўртасидаги тўйларга ҳам тўсқинлик қилган.
“Олдинлари келинни Сўхга олиб келиб, кейин тўй кунини белгилардик. Чунки унинг постдан ўтиш ёки ўтмаслиги номаълум бўларди. Ҳатто келинни олиб келиш учун қўшни давлатга бориб, қайтишда чегарадан ўта олмай ўша ерда яшаб, қолиб кетганлар ҳам бор. Шунинг учун тўй куни белгиланмасди. Сўхга келин бўлиб тушган, постдан ўта олмай дадасини 10-15 йиллаб кўрмаган қизлар бўлган”, – дейди у.
Чегара юзларига ажин тушган ота-онанинг ғамгин кўзларига боқишга тўсқинлик қилса, яйраб-яшнаб бориб меҳрига тўёлмасанг ва у ёқдаги муштипарларинг, жигарларинг ҳам юрак ютиб дийдорингни куца... Айролик кунида фарзанд бўлиб нурсиз юзларига қараб, алвидо дея олмасанг, бир сиқим турпоқ ташлаш армон бўлса...
Фарғона вилояти ва Қирғизистон чегарасида “Фарғона” ва “Риштон” чегара божхона постлари фаолият юритади. 1991 йилда ташкил этилган мазкур постлар йиллар давомида турли сабабларга кўра бир неча марта очилган ва яна қайта ёпилган. Яъни фаолияти мунтазам бўлмаган. Хусусан, “Риштон” чегара божхона пости сўнгги маротаба 2021 йил 1 апрель куни очилди ва доимий фаолият юритмоқда.
Ҳозирда Фарғона шаҳридан “Фарғона” чегара божхона постигача бўлган масофа 30 километрни, “Риштон” чегара божхона постигача бўлган масофа 51 километрни ташкил этади. Ўзбекистон 2017 йилдан қўшни давлатлар билан қўшничилик муносабатларини юқори даражага чиқара бошлади. Бунинг натижасида божхона постларида ҳаракатлар қайта тикланди, товар ва транспорт воситалари ҳаракати сезиларли фаоллашди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 5—6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг, “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда “Сўх” чегара божхона постининг “Чашма” божхона пунктини замон талабларига мос равишда реконструкция қилиш юзасидан топшириқлар берилган. 2020 йил давомида “Фарғона” чегара божхона постида амалга оширилган қурилиш ишлари натижасида фуқароларни божхона ва чегара назоратидан ўтказиш модули, автотранспорт воситалари ҳамда товарларни “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштирувдан ўтказиш учун марказ, транспорт воситаларини назоратдан ўтказиш йўлаклари 2 тадан 4 тага кенгайтирилди. “Фарғона” ўтказиш пункти орқали жами 1 миллион 184 минг 513 нафар, 2023 йилнинг январь—март ойларида 330 минг 588 нафар фуқаро ҳаракатланган. Шунингдек, ўтган йили 242 минг 768 та, 2023 йилнинг биринчи чорагида 67 минг 609 та авторанспорт воситалари мазкур пунктдан ўтган.
Сўхлик 90 ёшли Салоҳиддин ота Зафаров ҳам илгари чегарадан ўтиш машаққатларини хотирлади.
“Аввалари одамлар божхона постидан ўтишга жуда қийналарди. Ҳатто навбат узунлигидан, ўша ерда ётиб ҳам қолишарди. Илгари Сўхда тажрибали шифокорлар деярли йўқ эди. Кўпчилик даволаниш учун Фарғонага борарди. Чегарага навбат узунлигидан ўша ерда вафот этганлар ҳам бўлган. Масалан, бир домла йўлда божхона постидан ўтишни кутиб кўп турган, чегарадан ўта олмай уйга қайтган ва вафот этгани ҳақида эшитганман. Илгари қирғизлар келиб Сўхда нарса сота олмасди. Савдо қилиш қийин бўларди. Ҳозир борди-келди яхши бўлиб қолди. Чегарадан ўтишда муаммолар йўқ”, — дейди отахон.
“Ҳозир чегара очиқ бўлди. Мозоримиз ва бозоримиз бир бўлди. Тўй қилсак, яқинларимиз қўшни давлатлардан келиб бемалол қатнашяпти. Яқинда бир фуқаро билан гаплашиб қолгандик. Чегара муаммоси сабаб 10 йил дадамни кўрмагандим. Бориб, кўриб, бир ҳафтада келдим, деб йиғлаяпти. Олдин азобдан йиғлаган бўлса, ҳозир хунсандчиликдан йиғлаяпти. Елкамиздан битта катта тоғ ағдарилди. Ҳозирги пайтда 5-10 дақиқада чегарадан ўтиш мумкин. Аввалгидек соатлаб кутишлар йўқ. Қўшничилик жойига тушди”, –дея севинади Баҳодир Сафоев.
Бугун Сўхга олиб борувчи чегара божхона постлари замонавий талаблар асосида фаолият юритмоқда. Постларда фуқаролар ва транспорт воситалари эркин ҳаракатланиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Бир вақтлар мазкур чегаралардан ўтишга қийналган, эзилган инсонлар бугун дуода, чегарадан наридаги ўз яқинлари билан бемалол борди-келди қилмоқда. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг натижасидир.
Изоҳ (0)