Миллионлаб одамлар кунларини хушбўй латте ёки майин капучино билан бошлайди. Аммо ҳақиқатан ҳам сутли кофе фойдалими ёки бу шунчаки ёқимли, лекин носоғлом одатми буни билмайдилар. Келинг, олтин ўрталикни топиш учун бу масалани чуқурроқ таҳлил қилайлик.
Асосий масала кофе таркибидаги танинлар билан боғлиқ. Улар сутдаги кальцийни ушлаб қолиб, уни организм томонидан сўрилишига тўсқинлик қилиши мумкин деб ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам кальцийнинг бир қисми одатдагидек яхши сўрилмаслиги мумкин. Аммо бу севимли қаҳвангизни ичиб, кальцийнинг ҳеч қандай фойдасини кўрмайсиз, дегани эмас.

Ташвишга ҳожат йўқ
Сут — рационимиздаги кальцийнинг ягона манбайи эмас. Қаттиқ пишлоқ, сардина, ловия ва яшил сабзавотлар ҳам бу муҳим элементга бойдир. Хилма-хил ва мувозанатли таомланиш эса сутли кофе истеъмол қилишда юзага келиши мумкин бўлган кальций йўқотишларини қоплашга ёрдам беради.
Аслида ҳаммаси жуда индивидуал: барча зарур моддаларни қабул қила оладиган соғлом организм, ҳатто сиз мунтазам равишда сутли кофе ичсангиз ҳам ўзига етарли миқдорда кальцийни сўриб олади. Бу ерда овқатланишдаги доимийлик ва соғлом турмуш тарзи муҳимдир. Энг муҳими меъёр.
Сутли кофени кунига 3-4 финжон истеъмол қилиш соғлиққа зарар етказмайди. Асосийси, меъёрдан ошмаслик ва ўзингизни тия билишдир.

Кимлар айниқса эҳтиёт бўлишлари керак?
Кальций етишмовчилиги ва овқат ҳазм қилиш муаммолари бор инсонлар ҳамда ҳомиладор аёллар сутли қаҳвани мунтазам истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишлари керак. Эҳтимол, бу ҳолатларда қаҳва ичишни чеклаш тавсия этилиши мумкин.

Қандай қилиб сутли қаҳвани ичиб ҳам фойда олиш мумкин?
* Шакар қўшманг: шакарда организмга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган “бўш” калория кўп. Бунинг ўрнига стевия, эритрит ёки шунчаки кофенинг табиий таъмидан роҳатланинг.
* Сутли кофени куннинг биринчи ярмида ичинг: бу уйқусизлик муаммоларидан халос бўлишга ёрдам беради. Қаҳва таркибидаги кофеин моддаси ҳушёрликни ошириши мумкин, шунинг учун уни эрталаб ёки кундузи ичиш яхшироқ.
* Сифатли сутни танланг: таркибига ва сутнинг сифатига эътибор беринг. Энг яхшиси, ёғ миқдори ўртача бўлган сутдан фойдаланинг.
* Овқатдан кейин кофе ичинг: бу кофеиннинг сўрилиш тезлигини бир оз секинлаштиради ва овқат ҳазм қилиш тизимига юкни камайтиради.
* Бошқа ичимликлар билан алмаштириб туринг: фақат сутли кофе билан чегараланманг. Кунлик рационингизга сув, гиёҳли, мевали чойлар ва бошқа фойдали ичимликларни киритинг.

Хулоса қилиб айтганда, сутли кофе организмга душман эмас, балки шунчаки онг билан ёндашиб истеъмол қилиш керак бўлган ичимлик. Мувозанатли таомланиш, меъёр ва ўз организмингизни тинглай билиш бу севимли сутли қаҳвангизни соғлиғингизга зарар етказмаган ҳолда ичиб завқланишга имкон берадиган асосий тамойиллардандир. Энг муҳими, меъёрни сақлаш ва соғлиғингиз фойдасига танлов қилишдир.
Изоҳ (0)