Даволанишнинг муваффақияти ташхисдан қатъи назар, бир неча омилларга боғлиқ. Уларнинг энг муҳимлари орасида беморнинг берилган тавсияларга қай даражада амал қилиши, шифокорнинг профессионаллиги ва тажрибаси туради. Тиббиёт фанлари номзоди, эндокринолог Олга Пяних билан бирга яхши шифокорни қандай танлаш ва ёлғончи “мутахассис”ларга қандай учраб қолмаслик кераклигини таҳлил қиламиз.

Эндокринологик ташхис қандай қўйилади?
Эндокринолог эндокрин безлар, яъни гормон ишлаб чиқарувчи ва уларни қон орқали тарқатадиган аъзолар билан боғлиқ касалликларни даволайди. Қалқонсимон без, буйрак усти безлари, гипофиз ва бошқа аъзолар билан боғлиқ муаммоларнинг аломатлари турли хил бўлади: вазн ортиши, жиззакилик, тез чарчаш ва ҳоказо. Бу белгиларнинг кўпи соғлом одамларда ҳам кузатилиши ёки бошқа касалликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Эндокринолог томонидан тўғри ташхис қўйилиши бу мураккаб таҳлил, бемор шикоятлари, ҳаёт тарзи, илгари ўтказган касалликлари, текширув натижалари каби омилларнинг комплекс ўрганилиши асосида амалга ошади. Ҳар бир майда тафсилот муҳим ҳисобланади. Фақатгина тез чарчаш ва кучли уйқучанлик каби шикоятлар асосида ташхис қўйишнинг иложи йўқ.
Эндокринолог етарли билимга эга эмаслигини кўрсатадиган 4 та белги

Афсуски, ҳозирда эндокринология билан етарлича билим ва малакага эга бўлмаган кишилар ҳам шуғулланмоқда. Уларга нафақат клиникаларда, балки интернетдаги блогерлар орқали ҳам дуч келиш мумкин. Қуйидаги ҳолатлар эса ҳар қандай беморни огоҳликка чорлаши ва танлаган мутахассис ҳақида чуқур ўйлаб кўришига сабаб бўлади:
1. Анамнез (касаллик тарихи)ни йиғмайди
“Агар шифокор сиздан касаллик тарихи, ҳаёт тарзи, бошқа касалликларингиз ҳақида сўрамаса, бу нотўғри. Айниқса, олдиндан аниқланган касаллик билан мурожаат қилсангиз ва шифокор буни соддалик билан қабул қилиб, батафсил ўрганмаслиги ҳам хавотирли ҳолат”, дейди шифокор.
2. Жуда кўп таҳлилларни тайинлайди

Керагидан ортиқ лаборатория текширувлари фақат камдан-кам ҳолларда зарур бўлади. Одатда ташхис қўйиш ёки даволаш самарасини аниқлаш учун бир нечта таҳлил етарли бўлади. Шунингдек, агар эндокринолог расмий тиббиётда мавжуд бўлмаган, Халқаро касалликлар классификациясига киритилмаган “касалликлар”ни қўяётган бўлса ёки самарадорлиги исботланмаган усуллар (масалан, гомеопатия, асоссиз диеталар) билан даволашни таклиф қилса, бу ҳам унинг салоҳиятида шубҳа уйғотади.
3. Таҳлил натижалари ва даволаш режаси бўйича тушунтириш бермайди
“Таҳлил натижалари чиққач, шифокор беморга нега кўрсаткичлар нормадан четга чиққанини тушунтириб бериши керак. Дори-дармонлар тайинланганда ҳам бемор нима учун бу дориларни қабул қилаётгани ва ундан нима кутиш кераклигини билиши керак.
Кўп ҳолатларда, менга беморлар қуйидагича мурожаат қилишади: уларга даволаш тартиби белгиланган, лекин беморлар нима учун маълум бир дорини ичаётганини ва қандай ташхис қўйилганини билмайди, чунки бу ҳақда ҳеч ким уларга тушунтирмайди”, дейди Олга Пяних.
4. Беморнинг саволларига жавоб бермайди

Шифокор беморнинг ўз соғлиғи, ташхис ёки даво бўйича саволларига жавоб бермаслиги ҳам жиддий ҳолат. Ҳозирги замон тиббиётида индивидуал ёндашув ва беморга эътиборли муносабатда бўлиш асосий тамойиллардан биридир.
“Касаллик аломатларнинг сабаби ва даволашдан нималар кутиш мумкинлигини биладиган бемор терапияга кўпроқ риоя қилади. Бемор ўз ҳолатини тушунса, даволаниш самараси ҳам шунча юқори бўлади”, дейди мутахассис.
Изоҳ (0)