Сунъий интеллект бутун дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётига тобора кўпроқ кириб бормоқда. Бу инсонни нафақат ҳайратга солади, балки ишсиз қолиш каби қўрқувларни ҳам келтириб чиқаради. Аммо қўрқиш ўрнига, ўрганиш ва мослашиш яхшироқ. Қуйида The Voice нашрининг ахборот технологиялари бўйича эксперти Анжелика Матушкина сунъий интеллектни ўзлаштириш кераклиги нима учун муҳимлиги ва бунинг учун ҳеч қачон кеч эмаслиги ҳақида сўз юритади.

Қачон бошланди?
Маълумотларга кўра, 2022 йил 30 ноябрь — сунъий интеллектнинг туғилган куни экан. Шу куни OpenAI ChatGPT’ни ишга туширди ва биринчи 5 кун ичида ундан миллион киши фойдаланган. Икки ой ичида фойдаланувчилар сони 100 миллионга етди — тарихда ҳеч қандай хизмат бу қадар тез ўсмаган. Аслида эса сунъий интеллект ўнлаб йиллар давомида ривожланиб келмоқда. Масалан, 1997 йилда компьютер Гарри Каспаровни мағлуб этди, 2011 йилда Watson сунъий интеллекти Jeopardy!’да одамлар устидан ғалаба қозонди. Сунъий интеллект бунга анча олдин йўл олган эди, аммо айнан ChatGPT уни оммалаштирди.

Ва шундан кейин нималар бўлди:
* 2022 йил: йирик компанияларнинг 35 фоизи сунъий интеллектни жорий қила бошлади.
* 2023 йил: генератив сунъий интеллектга инвестициялар 8 баробар ошди ва 25,2 миллиард долларга етди.

Бундан кейин нима бўлади?
* 2025 йил: Компаниялар автоматлаштириш ҳисобига офис ходимларини фаол равишда қисқартира бошлайди. Аммо шу билан бирга бизнесга сунъий интеллект билан ўзаро таъсир қилишни биладиган мутахассислар кўпроқ керак бўлади.
* 2026—2027 йиллар: меҳнат бозорида янги касблар тўплами шаклланади — сунъий интеллект муҳаррирлари, рақамли ёрдамчиларни ишлаб чиқувчилар, сунъий интеллект этикаси аудиторлари, виртуал олам дизайнерлари.
* 2030 йилга келиб: сунъий интеллект жаҳон иқтисодиётини 15,7 триллион долларга ошириши кутилмоқда.

Сунъий интеллект инсонлардан барча ишларни олиб қўядими?
Бундай хавотирлар аввал ҳам бўлган. 100 йил олдин америкалик фермерлар тракторлар уларнинг касбини йўқ қилади деб ваҳима қилишган эди. Қайсидир маънода улар ҳақ эди: ўроқ билан ишловчи одамлар йўқ бўлиб кетди. Аммо ўрнига механизаторлар, муҳандислар, қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар пайдо бўлди. Натижада фермерларнинг турмуш даражаси ошди ва қишлоқ хўжалиги фойдалироқ бўлди.
Сунъий интеллект билан ҳам худди шундай бўлади. 50 та касб йўқ бўлиб кетади, лекин 180 та янги касб пайдо бўлади (жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига кўра). Масалан, ҳозирда бизнесга тезкор муҳандислар, сунъий интеллект операторлари, виртуал дунё дизайнерлари керак.

Инсон омили ёки сунъий интеллект: ким ғолиб чиқади?
Каспаров шахматда компьютерга ютқазганида, у шундай деди: “сунъий интеллект одамни мағлуб эта олади. Аммо сунъий интеллектдан фойдаланишни билган одам ҳам сунъий интеллектни, ҳам одамни мағлуб этади”.
Сунъий интеллект — бу таҳдид эмас, балки воситадир. Телефон одамлар ўрнини эгалламади, аммо бизга янги имкониятлар берди. Компьютерлар бухгалтерларни йўқ қилмади, лекин уларнинг ишини анча самарали қилди.
Ҳа, одам тракторсиз камроқ ерни ҳайдаб чиқади, лекин трактор ҳам одамсиз ҳеч қаерга боролмайди (қўзғала олмайди). Бир ўйлаб кўринг, сунъий интеллект воситаларини ўрганмасдан қандай имкониятлардан маҳрум бўляпсиз? Шундай экан, ҳар бир инсон вақти келиб сунъий интеллектни ўзлаштириши муқаррардир.
Изоҳ (0)