Оур World ин Дата маълумотларига кўра, дунёда қайта тикланадиган энергия манбалари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси улуши 2023 йилда ўртача 30,2 фоизни ташкил қилди.

Осиёда бу кўрсаткич 24,7 фоизни, МДҲ мамлакатларида 17,7 фоизни ташкил этди. Ушбу рейтингда таҳлилчилар нафақат кичик гидроэлектростанцияларни, балки бутун гидроэнергетикани ҳисобга олган.
Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари ҳисобидан олинган электр энергияси улуши 9,38 фоизга тенг бўлган.
Таққослаш учун бу кўрсаткич:
- Тожикистонда —89,37 фоиз;
- Қирғизистонда — 85,92 фоиз;
- Арманистонда — 26,57 фоиз;
- Украинада — 19,74 фоиз;
- Россияда — 17,57 фоиз;
- Қозоғистонда — 12,76 фоиз;
- Молдовада — 9,68 фоиз;
- Озарбайжонда — 6,89 фоиз,
- Беларусда — 2,71 фоиз,
- Туркманистонда — 0,03 фоизни ташкил этган.
Жаҳон бўйича рейтингда Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси улуши бўйича 195 та давлат орасидан 154-ўрини эгаллади.
Альбания, Бутан, ЖАР, Конго, Непал, Парагвай рейтинг етакчилари бўлди. Ушбу давлатларда бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил қилган. Туркманистон рейтингда энг охирги ўринни олди.
Ўзбекистонда яшил энергетика
Ўзбекистонда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2024 йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 18 фоизга етказиш мақсад қилинганини айтганди.
Шавкат Мирзиёев ўша йилнинг февралида бўлиб ўтган йиғилишда энергетика вазири ва вилоятлар ҳокимларининг муқобил энергетика соҳасидаги режаларидан норози бўлиб, икки-уч ой ичида 14 та қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, шунингдек, иккита насосли сақлаш станцияси лойиҳаларини бошлашга топшириқ берганди. Президент “яшил энергетика ҳам иқтисодиётимиз драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланди”, деб айтганди.
Ўзбекистонда аҳолининг энергия манбаларига талабини қондириш мақсадида ҳар йили кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида охирги 5 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 30 фоиз кўпайиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. 2025 йилда қуввати 65 мВт бўлган 1 185 та микро ГЭС барпо этилади.
Изоҳ (0)