Лас-Вегасдаги Трамп меҳмонхонаси ёнида 1 январь куни Cybertruck портлатилди. Автомобиль ҳайдовчиси буни амалга ошириш учун ChatGPT’дан фойдалангани айтилмоқда. Бу ҳақда Лас-Вегас полицияси вакили Кевин Макмахилл маълум қилди.
Полиция маълумотларига кўра, портлашдан сал олдин гумонланувчи ChatGPT’дан бомба қисмларини қаердан сотиб олиш, уни қандай йиғиш ва ишга тушириш тўғрисида маълумот сўраган. Бундан ташқари 37 ёшли Меттю Л. Аризона штатида мушакбозликдан фойдаланишнинг ҳуқуқий ҳолатини аниқлашга уринган.
Tesla компанияси электромобилининг портлаши АҚШ ҳудудида портловчи қурилма яратиш учун ChatGPT’дан фойдаланилган биринчи ҳодиса бўлди, дейди Лас-Вегас полицияси.
Бу маълумотлар сунъий интеллектга қарши танқидни кучайтириши мумкин.
OpenAI: ChatGPT фақат тармоқда мавжуд маълумотларни берган
ChatGPT’ни яратган ОpenAI компанияси полициянинг баёнотига изоҳ берди. Унга кўра, чат-бот “зарарли ёки ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида огоҳлантириб, интернетда мавжуд бўлган маълумотларни тақдим этган”. ОpenAI “сунъий интеллект воситаларидан масъулият билан фойдаланишга интилишлари” ва унинг технологиялари “зарарли кўрсатмалардан воз кечиш учун ишлаб чиқилганини” таъкидлади.
Трамп меҳмонхонаси олдида портлаш
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга тегишли меҳмонхонага кираверишда қ январь куни мушаклар ортилган ижарага олинган электр пикап портлади. Оқибатда етти киши жароҳат олганди. Машина портлашидан олдин эркак бошига ўқ узган.
Терговчилар маълумотига кўра, аскар Трампдан нафратланмаган. Американинг The Daily Beast нашри юқори лавозимли амалдорга таяниб хабар беришича, марҳум аскар Трампнинг тарафдори бўлгани ва ноябрь ойида унга овоз берган. Ҳарбий хизматчининг амакиси унинг жияни “ўз мамлакатини севгани, Трампни яхши кўргани ва ҳар доим жуда ватанпарвар аскар бўлгани”ни айтган.
Изоҳ (0)