АҚШ президенти Дональд Трамп иккинчи президентлик муддатига қайта сайланганидан кейин инаугурация маросими учун рекорд миқдорда — 239 миллион доллар йиғди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Трамп тўплаган маблағ собиқ президентлар Барак Обама ва Жо Байденнинг учта инаугурация маросимига сарфлаган харажатларидан деярли 100 миллион долларга кўп. Трамп саккиз йил олдинги кўрсаткичини ҳам ортда қолдирган. Ўшанда у давлат раҳбари сифатидаги биринчи инаугурацияси учун 107 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлган эди.
Йиғилган пуллар қабул маросимлари, зиёфатлар ва инаугурация билан боғлиқ бошқа тадбирларни ташкил этишга сарфланган.
Кўплаб корпорациялар раҳбарлари қайта сайланган президентни қўллаб-қувватлашган. Apple, Amazon ва Alphabet раҳбарлари инаугурация маросимида фахрли ўринларни эгаллаб, Трампнинг эътиборини қозонишга ҳаракат қилишган.
“Hyundai Motor America, NVIDIA ва Target компаниялари президент Дональд Трампнинг иккинчи инаугурацияси учун рекорд даражадаги харажатларни молиялаштириш учун етти рақамли хайрия қилди”, дейилади мақолада.
Шундай бўлса-да, Трамп сиёсати баъзи донорларга зарар келтириши мумкин.
АҚШ қонунчилигига кўра, инаугурация қўмиталари маблағ йиғиш қоидаларини ўзлари белгилашлари мумкин, аммо чет эл фуқаролари ва компаниялари томонидан молиялаштириш тақиқланади. Трамп инаугурация қўмитаси харажатлар ва маблағлар қолдиғи бўйича тўлиқ ҳисоботни солиқ хизматига фақат 2026 йилда тақдим этади.
АҚШда ўтган йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Трамп ғалаба қозониш учун керакли бўлган 270 дан ортиқ овозни йиғиб, АҚШнинг 47-президентига айланди. 20 январь куни Дональд Трамп АҚШнинг 47-президенти лавозимига киришди.
Изоҳ (0)