Сўнгги йилларда ҳарбий ва тиббиёт соҳаларида сунъий интеллектни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган бир неча хитойлик олимлар эрта ёшда, ноаниқ сабабларга кўра вафот этган. Бу ҳақда South China Morning Post газетаси эълон қилган мақоласида хабар берди.

Нашр нисбатан ёш пайтида вафот этган сунъий интеллект соҳасидаги етакчи олимлар рўйхатини тузди. Уларнинг аксарияти ўз карьераларининг чўққисида бўлиб, компьютер, ҳарбий ва тиббий соҳалардаги сунъий интеллект каби муҳим йўналишларда кашфиётлар қилган.
Маълумотларга кўра, 2022 йил июнь ойида тасвирларни аниқлаш ва чуқур ўрганиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи Хитойнинг Megvii Technology компаниясининг собиқ бош илмий ходими, ахборот технологиялари бўйича мутахассис Сун Жиан 45 ёшида вафот этган.
Шунингдек, 2023 йилда иккита фожиали ҳодиса юз берган. Улардан биринчиси мудофаа соҳасидаги сунъий интеллект мутахассиси Фенг Янгҳе билан боғлиқ. Расмий таъзияномада кўрсатилишича, у 38 ёшида топшириқни бажариш пайтида ҳалок бўлган. Унинг тадқиқотлари ҳарбий ўйинлар ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида режалаштириш билан боғлиқ эди.
Кейинроқ яна бир тадқиқотчи — юзни таниб олиш моделларини ишлаб чиқишга ихтисослашган SenseTime техногиганти асосчиси Тан Сяоу вафот этгани маълум бўлди. У 55 ёшида вафот этган ва некрологда унинг ўлимига касаллик сабаб бўлгани айтилган, бироқ касалликнинг тури аниқланмаган.
Газета хабар берган сўнгги ҳодиса 2024 йилда содир бўлган. Катта маълумотлар ва сунъий интеллект технологиялари асосида соғлиқни сақлаш соҳасида ечимлар ишлаб чиқарувчи Yidu Теch компаниясининг ҳаммуассиси ва инновациялар бўйича бош директори Ҳе Зҳи 40 ёшида тоғ касаллиги хуружи ва унинг ҳаётини сақлаб қолишга бўлган муваффақиятсиз уриниш натижасида вафот этган.
“Сунъий интеллект саноати жуда тез ривожланмоқда ва рақобат тобора кескинлашиб бормоқда. Сунъий интеллект тарқалиши билан жамиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин ва жамиятдаги улкан ўзгаришларнинг номаълум салоҳияти ҳам одамларга жиддий маънавий босим ўтказиши мумкин”, деди хитойлик компьютер олими Лию Шаошан.
Унинг тушунтиришича, бир тадқиқотчи янги ғояни ишлаб чиқиб, тажриба ўтказаётган пайтда, бошқа олим худди шундай мавзу бўйича натижаларни эълон қилишга улгуриши мумкин.
Изоҳ (0)