15 йил аввал асоссиз айблов билан судланган Камолиддин Мухторовга оид иш Ҳарбий суди тафтиш инстанцияси судлов ҳайъатининг А.Жонқобилов раислигида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Судлов ҳайъати Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми ҳамда Ҳарбий суд апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2021 йил 18 октябрдаги ажримини бекор қилди. Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли К.Мухторов айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинди ва оқланди.
Ҳодиса тафсилотлари қуйидагича бўлган. К.Мухторов хизмат қилаётган ҳарбий қисм хизматчилари 2009 йилги пахта мавсумида Сирдарё вилоятига сафарбар этилади. К.Мухторовнинг никоҳ тўйи 21 ноябрь кунига белгиланганди.Тўйга икки кун қолганида ҳарбий қисмнинг ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари хизмати бошлиғи К.Мухторов иш жойига қайтиб келади ва таътил учун билдирги ёзади.
Билдиргига қисм командирининг таъминот бўйича ўринбосари И.Абдумўминов (гувоҳларнинг исм-шарифлари ўзгартирилди), саф бўлими бошлиғи С.Иброҳимов розилик билдириб, имзо қўяди. К.Мухторов қисм командири А.Баратовнинг хонасига рухсат сўраб кирса, у округда бўладиган йиғилишга шошилаётганини айтади.
К.Мухторов қисм командирига тўйга таклифнома бериб, таътил учун билдирги ёзиб кирганини айтади. А.Баратов эса билдиргини столи устига қолдиришини айтади. К.Мухторов билдиргисини стол устида қолдирганини саф бўлими бошлиғи С.Иброҳимовга айтиб, 2009 йилнинг 20 ноябрь куни уйига қайтади.
Таътил муддати тугаб, иш жойига қайтиб келса, хизмат таътилига буйруқ чиқмагани маълум бўлади. Ҳарбий прокуратура К.Мухторовни хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетганликда айблаб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилади.
Иш судга ўтади ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг 2010 йил 22 январдаги ҳукми билан К.Мухторовга Жиноят кодексининг 287-моддаси (ҳарбий қисм ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) 3-қисми билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланади.
Суд ҳукми чиққанидан сўнг К.Мухторов яна икки йил ўз вазифасида ишлаган. Шартнома муддати тугаб, янгисини тузиш муддати етганида унга судланганлигини рўкач қилиб, хизматдан кетказилади.
Тафтиш инстанцияси суди қонун талабларига асосланиб, К.Мухторовнинг шикоятини қаноатлантириш лозим, деган тўхтамга келган.
Изоҳ (0)