Украиналик учувчи, 26 ёшли Павло Иванов ҳалок бўлди. У Қўшма Штатларда ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётида жанговар топшириқ бажараётган эди. Бу ҳақда “Укринформ” агентлиги мамлакат ҳарбий ҳаво кучларига таяниб хабар берди.

“2025 йилнинг 12 апрель куни F-16 самолётида учаётган 26 ёшли Павло Иванов жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлди. Унинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Павло ватанини босқинчилардан ҳимоя қилаётиб, жангда ҳалок бўлди”, дейилади расмий баёнотда.
Украинага Ғарб намунасидаги қирувчиларни етказиб бериш қарори Байден маъмурияти даврида қабул қилинган. Шунга қарамай, АҚШ Киевга ўз инвентаридан самолёт етказиб бермади. Балки Европадаги иттифоқчиларига бунинг учун “яшил чироқ” ёнди.
Нидерландия, Дания ҳамда Бельгия каби давлатлар 2024 йилнинг сўнгги чорагидан буён Украинага номаълум миқдордаги қирувчиларни етказиб берди. Улар замонавий авионика билан модернизация қилинган бўлиб, рус кучларининг дрон ва ракета ҳужумларини қайтариш, мамлакат ҳаво ҳудудини Россия самолётларидан ҳимоялаш ҳамда қуруқлик нишонларига зарба бериш каби миссияларда қўлланмоқда.
Украина мулозимлари учувчининг ҳалокатига сабаблар, шунингдек, самолёт тақдири ҳақида маълумот бермади. Воқеа юзасидан идоралараро комиссия тузилган бўлиб, тергов ишлари бошлаб юборилган.
Изоҳ (0)