Андижон шаҳри ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов лавозимидан озод этилгани айтилмоқда. Бу ҳақда бир-биридан мустақил “Дарё” манбалари хабар бермоқда.

Айтишларича, 19 апрель, шанба куни Ғофуржон Абдураҳмонов вилоят ҳокимлигига чақиртирилиб, ундан ўз хоҳишига кўра ариза ёзиб бериш сўралган. Бунга шаҳар бандлик бўлими бошлиғининг хатти-ҳаракатлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
“Ҳокимнинг ишдан олинишига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вилоят бошқармаси Андижон шаҳар бўлими бошлиғининг иш вақтида кабинетида психотроп модда истеъмол қилаётгани сабаб бўлиши мумкин”, дейди “Дарё” манбаларидан бири.
“Ҳақиқатан ишдан олинди. Эрта ёки индинга сессия ўтказилиб, янги ҳоким тайинланса керак”, дейди манбалардан яна бири.
Андижон вилояти ҳокими матбуот хизмати Рустамжон Эшонов шаҳар ҳокимининг ишдан олингани ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва ҳеч қандай расмий асосга эга эмаслигини билдириб, агар ўзгариш бўлса хабар берилишини айтган.
Ғофуржон Абдураҳмонов 2022 йилнинг 14 июнидан буён Андижон шаҳри ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётганди. Ўшанда у давлат манфаатларига йирик миқдорда зарар келтиришда айбланган Баҳром Ҳайдаровнинг ўрнини эгаллаганди.
Ғофуржон Абдураҳмонов 1976 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1998 йилда Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти (сиртқи), 1999 йилда Банк-молия академиясини (сиртқи), 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Фаолияти давомида Марказий банкнинг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи, шунингдек, 2013—2022 йиллар давомида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” бошқарув раиси ўринбосари сифатида фаолият юритган.
9 апрель куни ижтимоий тармоқларда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Андижон шаҳар бўлими бошлиғи иш вақтида, кабинетида психотроп модда истеъмол қилаётгани хабар берилди. Вазирлик масъуллари тасдиқлаган.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбири жараёнида фуқародан жами 0,69 гр гашиш гиёҳванд моддаси олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)