АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) USS Carl Vinson авиаташувчиси Яқин Шарққа келганини маълум қилди. У яна бир авиаташувчи USS Harry S.Truman билан бирга ҳарбий ҳаракатларда қатнашмоқда.

CENTCOM томонидан Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеода F-35C қирувчи самолётлари турли бомбалар билан жиҳозланаётгани ва кема палубасидан ҳавога кўтарилаётгани тасвирланган.
USS Carl Vinson (CVN 70) авиаташувчисининг F-35C Lightning II қирувчи самолётларидан иборат ҳаво қаноти USS Harry S.Truman (CVN 75) кемаси билан АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳудудида ҳамкорлик қиляпти, дейилади хабарда.
Бу Қўшма Штатларнинг Яман ҳусийларига қарши ҳарбий кампанияси доирасида амалга оширилмоқда. АҚШ ҳарбийлари Дональд Трампнинг буйруғи билан15 мартдан бошлаб Яманга зарбаларини кучайтирди.
Al Arabiya телеканалининг ўз манбаларига таяниб маълум қилишича, АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда денгиз флоти биргина ўтган ойнинг ичида ҳусийларга тегишли экани айтилган 100 дан ортиқ нишонга зарба берди. Пентагон раҳбари Пит Хегсет эса Яқин Шарққа қўшимча авиация бўлинмалари ва ҳаво мудофаа тизимларини юборишни буюрди.
Унинг топшириғи ортидан USS Carl Vinson авиаташувчиси Ҳинд—Тинч океани минтақасидан олиб келинди. Унинг Яқин Шарққа йўналтирилишига минтақадаги таранглик сабаб экани айтилмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ минтақадаги кучларини ҳимоялаш учун Patriot ва янада қудратлироқ THAAD тизимларини ҳам олиб келган. Пентагон THAAD комплексининг жойлашуви ҳақида маълумот бермади. Бироқ тахминларга кўра, у Исроилга юборилган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)