“Калмар ўйини” иккинчи мавсумининг янада оммалашишига сабаб фақатгина кескин синовлар ва қизиқарли сюжет эмасди. Балки, сериалга қўшилган янги актёрлар таркиби бўлиб, улар орасидаги қўшиқчи, рэпер ва айдолларнинг баъзилари ҳақида маълумот берамиз.
Ян Тонкен (Пак Йенсик, 007 рақамли ўйинчи)
Жанубий Кореяда YDG тахаллуси билан танилган. Актёр, рэпер, хонанда, қўшиқлар муаллифи, мусиқий продюсер ва ҳатто брейк-раққос сифатида ўзини синаб кўрган.
Иккинчи мавсумда Йенсик қарзга ботган қиморбоз ролини ўйнайди. Ўйинда у ўғлига ёрдам бериш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган онаси билан учрашиб қолади.
Мусиқий карьераси
Ян Тонкен — Жанубий Корея таниқли ҳип-ҳоп юлдузи. YDG 2001 йилда “Yangdonggeun AKA Madman” альбоми билан репда дебют қилган. Ўшандан бери у яна бир нечта пластинка чиқарган: “Da Man On The Block!!” (2002), “Travel” (2003) ва “Mirror” (28 Peak At Youth) (2006). Унинг энг шов-шувли хитларидан бири “Bolo” деб номланган PENOMECO билан ҳамкорликдаги треки ҳисобланади.
Ви Хажун (Хван Чун Хо)
Актёр, модел ва қўшиқчи университетни театр ва кино мутахассислиги бўйича тамомлаган. Бу унинг кўнгилочар индустриядаги карьераси асос бўлди.
Хван Чун Хо — Фронтмен (туғишган акаси) билан учрашувдан кейин биринчи мавсумда омон қолган полиция детективи. Иккинчисида эса Хван Ки Хунга ўйинга қайтишга ёрдам беради, ўзи эса яширинча акасини топиш ва эҳтимол уни тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилади.
Мусиқий карьераси
Ёшлигида Ви Хажун қўшиқчи ёки бойс-бенд аъзоси бўлишни орзу қилган. Мактабнинг ўрта ва юқори синфларида рақс машғулотларига қатнаган. 2018 йилда у “Matrimonial Chaos” дорамасига “Maybe It’s Too Late” қўшиғини ёзган.
Вининг рақс ва мусиқадаги тажрибаси унга турли хил ролларни қийналмай ижро этоладиган кўп қиррали артист бўлишга ёрдам берди ва уни Жанубий Кореядаги энг машҳур юлдузлар сафидан жой олишига сабаб бўлди.
Ли Бенхон (Хван Инхо, Фронтмен)
Қаҳрамонимиз 1970 йил 12 июлда Сеулда туғилган. 30 йиллик фаолияти давомида у ўзини модел, актёр ва қўшиқчи сифатида синаб кўрди.
Бенхон 1991 йилда “Она шаҳрим асфалти” дорамасида илк дебют ролини ўйнаган. Кейинчалик актёр “Хавфсиз ҳудуд”, “Аччиқ ва ширин”, “Кобра ҳужуми” ва “Мен иблисни кўрдим” каби корейс ва Голливуд фильмларидаги роллари учун халқаро эътирофга сазовор бўлди.
Фронтмен — сериалнинг асосий қаҳрамони. Иккинчи мавсумда у 456-ўйинчини алдашга қарор қилади, ўйин иштирокчиларидан бирига айланиб, Ки Хуннинг ишончини қозонади. Унинг роли мавсумга янги интрига қўшган.
Мусиқий карьераси
1999 йилда Ли Бенхон “Lee Byung-hun — То Ме” номли альбомини чиқарган. Бундан ташқари, у телесериаллар учун саундтреклар ёзади.
Кан Ҳанел (Кан Деҳо, 388 рақамли ўйинчи)
1990 йил 21 февралда Пусан шаҳрида туғилган. Таниқли актёр театр, телевидение ва кинодаги ижролари билан машҳур. Ҳанел мусиқали театрдаги ижодий фаолиятини “Thrill Me” ва “Assassins” спектаклларида чиқишлар билан бошлаган. Кинода ҳам Кан таниқли драмаларда рол ўйнаган: “Ворислар” (2013), “Мисен: Муваффақиятсиз ҳаёт” (2014) ва “Ойдин ошиқлар. Алвон юраклар: Коре” (2016).
Кан Дехо — денгиз пиёдалари корпусининг собиқ аъзоси. Иккинчи мавсумда у бошқа денгиз пиёдаси — Ки Хуннинг энг яқин дўсти Чонбе билан дўстлашади.
Мусиқий карьераси
Кан Ҳанелнинг отаси халқ артисти бўлиб, ўғлини болалигиданоқ мусиқа билан таништирган — йигит қўшиқ айтиш ва гитара чалишни ўрганган. Кан мактабнинг мусиқали театр спектаклларида иштирок этган. Шунингдек, актёр 2007 йилда “Fly tо the Sky” гуруҳининг “Still Pretty Today” ва 2017 йилда “Epik High” гуруҳининг “Lost One” қўшиқлари клипида рол ўйнаган.
Чо Юри (Ким Чонхи, 222 рақамли ўйинчи)
Netflix Чо Юри “Калмар ўйини”нинг иккинчи мавсумида суратга тушишини эълон қилганида, мухлислар IZ*ONE гуруҳининг собиқ вокалисти ушбу ролни уддалай оладими ёки йўқми, деб хавотирда эди. 23 ёшли қиз нафақат истеъдодли қўшиқчи, балки маҳоратли актёр эканлигини ҳам исботлади.
Иккинчи мавсумда Чо Юри Ким Чонхи ролини ўйнайди. У ижро этган қаҳрамоннинг ҳаёти сериалдаги энг драматик воқеалардан бири. Қийинчиликларга қарши курашадиган бўлажак она образи Жанубий Кореяда эътирофга сазовор бўлди. Танқидчилар актриса аёлнинг заифлиги ва қатъиятини маҳорат билан ўйнаганини алоҳида таъкидладилар.
Мусиқий карьераси
Чо Юри — ҳақиқий К-поп айдоли. Дастлаб 2017 йилда у айдол мактабида 15-ўринни эгаллаган, кейин Produce 48 шоусида учинчи ўринни олиб, IZ*ONE гуруҳининг бош вокалистига айланган. Афсуски, IZ*ONE 2021 йил апрель ойида тарқаб кетди. Аммо 2021 йил октябрь ойида Чо “Glassy” хити билан яккахон ижрочи сифатида дебют қилди.
Чхве Сонхен ёки Т.О.Р. (Танос, 230 рақамли ўйинчи)
Хонанда 1987 йил 4 ноябрда Сеулда туғилган. Дастлаб у ундергроунд рэпер сифатида танилган, аммо машҳур BigBang К-поп гуруҳининг етакчи ижрочиси бўлиб шуҳрат қозонган.
Сонхеннинг иккинчи мавсумда иштирок этиши актёрнинг катта саҳнага қайтиши бўлди. Наркотиклар билан боғлиқ жанжал туфайли Т.О.Р. Жанубий Кореяда 9 йиллик медиа тақиқи остида бўлган. Сериалда Чхве Танос тахаллуси остидаги антагонист ролини ўйнайди.
Танос — ёрқин бинафшаранг сочи, бўялган тирноқлари ва ғалати хатти-ҳаракатларга эга гиёҳванд рэпер.
Мусиқий карьераси
Т.О.Р. дунёга машҳур BigBang К-Поп гуруҳининг аъзоси эди. Жамоа К-ҳипҳоп ва К-поп саҳнасида катта таъсир кўрсатди. Гуруҳнинг баъзи хитлари жаҳон чартларида биринчи ўринни эгаллаган: “Lies”, “Fantastic Baby” ва “Bang Bang Bang”.
Т.О.Р. яккахон лойиҳалар билан ҳам шуғулланган: машҳур “Doom Dada” трекини чиқарган ва BigBang иштирокчиси билан G-Dragon тахаллуси остида ҳамкорлик қилган — улар биргаликда “High High” ва “Knock Out” хитлари билан GD & TOP альбомини ёзишган.
“Калмар ўйини”нинг иккинчи мавсуми ёрқин актёрлик таркиби туфайли миллионлаб томошабинларни мафтун этди. Учинчи мавсум кўрсаткичларни максимал даражага кўтариши ва ундаги қалтис вазиятлар мухлисларни янада таъсирлантириши аниқ, чунки сериалда фақат биргина иштирокчи ғолиб бўлади.
Изоҳ (0)