Исроил босиб олинган Ғарбий Соҳилда янги турар жойлар қуришни режалаштирди. Шарқий Қуддус ва Маъале Адумим шаҳарлари орасидаги E1 деб номланган лойиҳа ўн йиллардан буён музлатиб қўйилган эди. Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари Кая Каллас турар жойлар қурилишига қарши чиқди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Калласнинг сўзларига кўра, Исроилнинг режаси икки давлат тузиш тўғрисидаги қарорга путур етказади. Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишига олиб келади.
Агар қурилиш амалга оширилса, бу қадам “босиб олинган Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи ўртасидаги географик ва ҳудудий алоқани абадий бузади. Ғарбий қирғоқнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасидаги алоқани узиб қўяди, дея огоҳлантирди у.
Европа иттифоқи яна бир бор Исроилни аҳоли пунктлари қуришни тўхтатишга чақирди. Ушбу “бир томонлама қарорлар” шундоқ ҳам кескин вазиятни янада кучайтиради. Шунингдек, тинчликка эришишнинг ҳар қандай имкониятига путур етказади. Евроиттифоқ фикрича, Исроил икки давлат асосидаги ечимнинг амалга оширилишини таъминлаш учун зарур чораларни кўриши лозим.

Германия Исроилнинг аҳоли пунктларини қуриш режаларини қоралади
Германия федерал ҳукумати ҳам Исроилнинг Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида қурилиш режаларини танқид қилди.
Шаҳарчалар қурилиши халқаро ҳуқуқ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларини бузади. Бу икки томонлама келишувга эришишни ва Халқаро жиноий суд талаб қилганидек, Ғарбий соҳилдаги Исроил оккупациясини тугатишни қийинлаштиради, деди Германия Ташқи ишлар вазирлигининг вакили.
Изоҳ (0)