АҚШнинг Массачусетс технология институти (MIT) олимлари сунъий интеллект ёрдамида дори воситаларига чидамли гонорея ва хавфли МРСА (метициллинга чидамли олтин рангли стафилококк) бактерияларини йўқ қилишга қодир 2 та янги антибиотик ишлаб чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу препаратлар сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган бўлиб, улар лабораторияда ҳайвонлар устида муваффақиятли синовдан ўтказилган. Шунга қарамай, уларни беморларга қўллашдан олдин бир неча йиллик такомиллаштириш ва клиник синовлар талаб этилади.
Одатда антибиотиклар бактерияларни ўлдиради, бироқ сўнгги йилларда уларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши оқибатида дори таъсирига чидамли инфекциялар пайдо бўлиб бормоқда. Бу эса ҳар йили миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Янги антибиотиклар ишлаб чиқиш жараёни эса ўн йиллардан бери сусайиб қолган.
Олдинлари олимлар СИдан мавжуд кимёвий моддалар ичидан потенциал фойдали вариантларни топишда фойдаланган бўлса, MIT жамоаси бу сафар инфекцияларга қарши бутунлай янги антибиотикларни яратишга уриниб кўрди. СИ дастлаб маълум дориларнинг кимёвий тузилиши ва уларнинг бактерияларга таъсири ҳақидаги маълумотлар билан бойитилган. Кейин эса икки йўналишда иш олиб борилган — бири мавжуд кимёвий фрагментлар билан ишлаш, иккинчиси эса СИга тўлиқ эркинлик бериш.
Натижада инсон саломатлиги учун хавфли бўлмаган ва мавжуд антибиотикларга ўхшамайдиган 2 та истиқболли дори ишлаб чиқилган. Улар лаборатория шароитида сичқонларда синовдан ўтказилиб, ижобий натижага эришилган. MIT профессори Жеймс Коллинснинг айтишича, сунъий интеллект ёрдамида антибиотикларни тез ва арзон ишлаб чиқиш имконияти пайдо бўлмоқда, бу эса “супербактериялар”га қарши курашда муҳим қадам бўлади.

Олимлар препаратлар ҳали клиник синовларга тайёр эмаслигини, уларни такомиллаштириш учун камида яна 1–2 йил керак бўлишини таъкидламоқда. Мутахассислар фикрича, СИ дори кашфиётларини тезлаштириши мумкин, аммо уларнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини тасдиқлаш учун узоқ ва қиммат жараён ҳали ҳам зарур.
Бундан ташқари, иқтисодий муаммолар ҳам мавжуд: янги антибиотиклар самарадорлигини сақлаб қолиш учун уларни камроқ ишлатиш керак, бу эса тижорий фойда олиш имкониятини чеклайди. Шу сабабли, дори ишлаб чиқаришда СИ ютуқларидан тўлиқ фойдаланиш учун соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тизимида янги ёндашувлар талаб этилади.
Изоҳ (0)