Покистон ва мамлакат назоратидаги Кашмирда кучли муссон ёмғирлари ва ер кўчкилари оқибатида ҳалок бўлганлар сони тез суръатлар билан ошмоқда. Расман тасдиқланган маълумотларга кўра, табиий офат ҳозиргача камида 307 киши ҳаётдан олиб кетган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълум қилинишича, энг кўп талафотлар мамлакат шимоли-ғарбидаги тоғли Хайбер Пахтунхва провинциясида қайд этилган. Маҳаллий фавқулодда вазиятлар хизмати камида 74 та уй вайрон бўлганини, қутқарув операцияси вақтида эса ҳарбий вертолёт ҳалокатга учраганини билдирмоқда — ҳодисада бортдаги 5 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Провинция раҳбари Али Амин Гадапурнинг айтишича, ҳалокатга учраган М-17 вертолёти Афғонистон билан чегарадош Бажаур ҳудудига учаётган бўлган.
Расмийларга кўра, Покистон назорати остидаги Кашмирда 9 киши, шимолдаги Гилгит-Балтистон ҳудудида эса яна 5 киши ҳалок бўлган. Покистон метеорология хизмати мамлакат шимоли-ғарбий қисмида 21 августгача кучли ёмғирлар давом этишини маълум қилган. Айрим ҳудудлар фалокат зонаси деб эълон қилинган.
Хайбер Пахтунхва провинциясининг Бунер туманида омон қолганлардан бири Азизуллоҳ AFP агентлигига берган интервьюсида ҳодисани “қиёмат”га ўхшатди:
“Тоғ қулаётгандек баланд шовқин эшитдим. Ташқарига югуриб чиқдим — ҳаммаёқ ларзага келган эди. Сув тўлқини шунчалик кучли эдики, худди ўлим кўзимга тик боқиб тургандек бўлди”.
Қўшни Ҳиндистон назорати остидаги Кашмирда ҳам сув тошқинлари жиддий фалокатларга сабаб бўлмоқда. Ҳимолай тоғлари этагидаги қишлоқлардан бирига тўсатдан келган сув тўлқини камида 60 кишининг умрига зомин бўлган, кўплаб одамлар бедарак йўқолган.

Маълумот ўрнида, муссон мавсумида (июнь сентябрь) Жанубий Осиёда йиллик ёғингарчиликнинг 75 фоизи ёғади. Ҳар йили сув тошқинлари ва кўчкилар кузатилади, аммо бу йил ҳалок бўлганлар сони 300 кишидан ошиб кетди. Июль ойида Покистоннинг энг зич яшовчи ҳудуди – Панжоб провинциясида ёғингарчилик 2024 йилга нисбатан 73 фоизга кўп бўлган, қурбонлар сони эса мисли кўрилмаган тус олган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, иқлим ўзгариши бундай офатлар сонининг кўпайиши ва кучайишига олиб келмоқда.
Изоҳ (0)