Шотландиядаги Cancer Research UK Scotland Centre олимлари инсоннинг саратонга чалинишдан олдинги ҳолатида деменцияга ўхшаш бузилишларни аниқлади. Бу кашфиёт давоси энг мушкул бўлган онкологик касалликлардан бири — ошқозон ости бези саратонининг олдини олиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқишда ёрдам бериши мумкин. Тадқиқот натижалари Developmentаl Cell журналида чоп этилди.

Мутахассислар узоқ вақт давомида сичқонларда ошқозон ости бези ҳужайраларини кузатиб, соғлом ҳужайраларни саратон ҳужайраларига айлантирадиган механизмларни ўрганди. Тадқиқот жараёнида маълум бўлдики, саратон бошланишидан олдинги босқичда автофагия, яъни ҳужайраларнинг “чиқиндиларни қайта ишлаш” жараёни ишдан чиқади. Натижада ортиқча ва яроқсиз оқсиллар ҳужайрада тўпланиб, деменция ёки бошқа нейродегенератив касалликка чалинган мия ҳужайраларида учрайдиган оқсилларга ўхшаш бирикмалар ҳосил қилади.
Шунга ўхшаш оқсил бирикмалари инсон ошқозон ости бези тўқималарида ҳам топилган. Бу ҳодиса саратон ривожланиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Эдинбургдаги Генетика ва саратон институтида фаолият юритадиган профессор Саймон Уилкинсоннинг таъкидлашича, KRAS гени мутацияси ва автофагиянинг бузилиши саратон жараёнини бошлаб беришда муҳим рол ўйнаши мумкин. Бу механизмни тушуниш келажакда касалликни олдиндан башорат қилиш ва уни эрта босқичда тўхтатиш имконини беради.
Ошқозон ости бези саратони энг хавфли онкологик касалликлардан бири бўлиб, кўп ҳолларда жуда кеч босқичларда аниқланади, бу эса даволаш имкониятларини чеклайди. Олимлар эндиликда инсонларнинг ёши, жинси ва овқатланиш одатларининг ҳужайраларга таъсирини ўрганиб, саратонни эрта аниқлаш йўлларини изламоқда.
Изоҳ (0)