Келаси ҳафта давомида эрта тонгда бир чизиқда жойлашган олтита сайёрани кўриш имконияти туғилади. Бу ҳақда Associated Press (AP) хабар берди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сайёралар юлдузлардан фарқли ўлароқ, деярли милтилламайдиган ёрқин нуқталар каби кўринади. Кузатиш учун очиқ осмонли тонг ва баланд бинолардан узоқроқ жой қулай ҳисобланади.
Астрономлар Венера, Юпитер, Сатурн ва хира ёруғликдаги Меркурийни оддий кўз билан кўриш мумкинлигини, Уран ва Нептунни кўриш учун эса дурбин ёки телескоп зарурлигини айтишмоқда. Энг яхши кўриниш тонг ёришидан сал олдин кузатилади: осмоннинг шарқий қисмида Юпитер ва Венера ёнма-ён порлайди. Бир оз юқорироқда ва четроқда Сатурн жойлашади, Меркурий эса уфққа яқин пастда кўринади.
Сешанба тонгига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шу куни Меркурий Қуёшдан энг катта бурчак масофасига етади ва ой охирида қуёш нурида кўринмай қолишидан олдин уни илғаш осонроқ бўлади. Шундан сўнг “парад”га Ойнинг ингичка ўроғи қўшилади.
Ушбу ҳодисани ўтказиб юбормаслик учун очиқ осмонли тонгни ва кўринишни тўсиб қўядиган баланд бинолар ёки дарахтлар бўлмаган очиқ майдонни танлаш муҳимдир.
Сайёраларнинг кейинги тўлиқ таркибдаги “йиғилиши” февраль ойида кутилмоқда, аммо август тонги бу йил бир вақтнинг ўзида олтита осмон жисмини кўриш учун сўнгги имконият ҳисобланади.
Бундан аввал Магнит бўронларининг Ерга таъсири кучайиб бораётгани, Қуёшда йирик тож тешиги пайдо бўлиб, катталаша бошлагани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)