Йилнинг сўнгги кунлари ўтиб бораётгани барча соҳаларда, жумладан, спортда ҳам сарҳисоб вақти келганини англатади. Футбол бўйича мамлакат Суперлигасида бўлган воқеалар, Элдор Шомуродовнинг «Рома» клубига ўтиши, Токио—2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштироки, шахматдаги можаро ва чемпионлик, пойтахтдаги бокс оқшомлари, умуман олганда 2021 йил давомида ўзбек спортида содир бўлган муҳим ҳодисаларни барчасини «Дарё» бир саҳифага тўплади.

«Буларга ким чора кўради? Қачонгача чидаш мумкин?». «Сўғдиёна» – «Турон» учрашуви атрофидаги можаролар

14 март куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 2-тури доирасида «Сўғдиёна» жамоаси «Турон» клубини қабул қилди (1:0). Ўйиндаги эсда қоларли вазият киритилган гол бўлишдан аввалги, пенальти белгиланган вазият бўлди. Унда «Сўғдиёна» футболчисининг берган зарбаси «Турон» футболчисининг бошига тегди. Ўйинни бошқариб борган ҳакам Виктор Серазитдинов эса ушбу вазиятни пенальти дея баҳолади.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида «Турон» жамоаси бош мураббий Исломбек Исмоилов ўз фикрларини жуда кескин оҳангда билдирди.

Кейинроқ учрашувни бошқариб борган бош ҳакам Виктор Серазитдинов ҳакамлик фаолиятидан номуайян муддатга четлатилди, «Турон» клуби мураббийи Исломбек Исмоилов эса 2 та ўйинга дисквалификация қилинди. Шунингдек, клуб президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиевга нисбатан жарима интизомий чорасини белгилади.

Бир пенальти тарихи. «Навбаҳор» – «Пахтакор» ўйини атрофидаги можаролар

Суперлига 5-тури доирасида 7 апрель куни кечган «Навбаҳор» — «Пахтакор» учрашуви 1:2 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида бош ҳакам томонидан «Навбаҳор» дарвозаси томон пенальти белгиланди. Айни шу ҳолат VAR тизими орқали 6 дақиқа давомида кўриб чиқилди ва якунда ҳакам 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Ушбу вазият эса баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Учрашув якунлангандан кейин ҳакамлар ва «Пахтакор» футболчилари стадионни тарк этаётганда наманганлик мухлислар уларга турли воситалар улоқтирди.

Тартибсизликлар стадион ташқарисида ҳам давом этди, мухлислар МТРКга тегишли автомобиль йўлини тўсиб, унга зарар етказди. «Пахтакор» клуби ва ҳакамлар жамоаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан хавфсиз ҳудудга қадар кузатиб қўйилди. Учрашувдан кейинги тартибсизликларда қатнашган 7 нафар фуқаро жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот берилганди. ЎФА «Навбаҳор» футбол клуби эса кейинги иккита уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиши тўғрисида қарор чиқарди.

Майдондаги тортишув: «Насаф» – «Сўғдиёна» учрашувидаги можаро

Ўзбекистон чемпионатининг 12-тури доирасида кечган «Насаф» — «Сўғдиёна» учрашувида (1:0) ҳар икки жамоа вакиллари ўртасида тортишувли вазият юзага келди.

Учрашув якунланиши арафасида меҳмонлар «Насаф» футболчисига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Натижада бу оммавий жанжалга айланиб кетди. Вазиятга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари аралашди ва бироз муддатдан кейин ҳолат юмшади. Ҳакам видеотакрорлардан кейин уч нафар футболчига («Насаф»нинг икки ва «Сўғдиёна»нинг бир футболчисига) қизил карточка кўрсатди.

Яна ўша жамоалар – эндиги можаро Жиззахда

Ўзбекистон Кубогининг чорак финалидан ўрин олган «Сўғдиёна» — «Насаф» (0:1) учрашуви оммавий муштлашув ва тартибсизликлар билан якунланди. Ушбу учрашув сўнгида «Насаф» сардори Умарбек Эшмуродов мезбонлар ҳужумчиси Баҳодир Насимовнинг бошига зарба берди. Ҳакам бу лаҳзани пайқамади, ўйинда VAR тизими ҳам йўқ эди. Баҳс якунланганидан сўнг томонлар ўзаро баҳслашишда давом этди, хусусан, Умар Эшмуродов ва «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев ўртасида оғзаки тортишув ҳам бўлиб ўтди. Айрим маълумотларга кўра, жанжал кийиниш хонаси йўлагида ҳам давом этган.

Кейинроқ «Сўғдиёна» жамоаси вакиллари Улуғбек Бақоев ҳамда Баҳодир Насимов, шунингдек, «Насаф» клуби футболчиси Умар Эшмуродовлар 2 та ўйинга дисквалификация қилинди ва уларга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Йил якуни. «Пахтакор» яна чемпион, «Сўғдиёна» — вице-чемпион

Фото: «Пахтакор»

2021 йилги мавсумда Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси 60 очко билан, ўзининг энг яқин таъқибчисидан 13 очко ўтиб кетган ҳолда чемпионликни қўлга киритди.

2-ўрин учун курашда сўнгги тур олдидан учта жамоа турган эди. «ОКМК» клуби ўз майдонида «Сўғдиёна»га мағлуб бўлди ва кумуш медалдан қуруқ қолди. Шунингдек, «Локомотив» меҳмонда «Насаф» устидан ғалабага эришиб қаршиликларни 2-ўриндан мосуво этди.

26-тур якунларига кўра, Жиззахнинг «Сўғдиёна» ҳамда Олмалиқнинг «ОКМК» жамоаси бир хил – 47 очкодан жамғарди. Ўзаро ўйинларда устунлик «Сўғдиёна»да бўлганлиги учун жиззахликлар вице-чемпион, олмалиқликлар эса 3-ўринни эгаллади.

Суперлиганинг 2021 йилги мавсумида иштирок этган 14 та жамоадан учтаси мусобақани тарк этди. «Турон» ҳамда «Андижон» 13 ва 14-ўринни эгаллади. Муборакнинг «Машъал»и эса 12-ўринни олиб, Про-Лигада 3-ўринни олган «Олимпик» жамоаси билан «ўтиш ўйини»да иштирок этди. Ушбу баҳс 3:1 ҳисобида «Олимпик»нинг ғалабаси билан якунланди.

Шунингдек, Про-Лиганинг 2021 йилги мавсумида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби биринчи ўринни, Самарқанднинг «Динамо» клуби эса иккинчи поғонани қўлга киритиб, Суперлига йўлланмасига эга чиқди.

Ўзбек футболидаги 2021 йилнинг энг яхшилар кимлар бўлди?

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Тошкентдаги Renaissance Ҳалл саройида 25 декабрь, шанба куни UZ Football Awards—2021 маросими бўлиб ўтди. Унда футбол соҳасида турли номинациялар бўйича Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги энг яхшилари аниқланди.

  • Йилнинг энг яхши мураббийи – Рўзиқул Бердиев («Насаф»);
  • Йилнинг энг яхши футболчиси – Элдор Шомуродов («Рома»);
  • Суперлиганинг энг яхши мураббийи — Питер Ҳюистра («Пахтакор»);
  • Суперлиганинг энг яхши футболчиси — Ҳусайн Норчаев («Насаф»);
  • Ёш юлдуз — Ҳусайн Норчаев («Насаф»);
  • Суперлига-2021 тўпурари — Драган Черан («Пахтакор») — 16 та гол;
  • Суперлиганинг энг чиройли голи — Билолхон Тошмирзаев («Локомотив» — «Турон» учрашувида киритган голи);
  • Йилнинг энг яхши ҳаками — Илгиз Танташев.

Ўзбек клубларининг халқаро майдондаги натижалари

Фото: «Насаф»

Осиё Чемпионлар Лигаси ҳамда ОФК Кубоги мусобақаларининг 2021 йилги мавсумида Ўзбекистондан учта клуб – «Пахтакор», «ОКМК» ҳамда «Насаф» иштирок этишди.

Марказлашган тарзда ўтказилган ОЧЛ гуруҳ босқичи ўйинларида иштирок этган пойтахтнинг «Пахтакор» жамоаси B гуруҳида «Шаржа», «Трактор» ва «Эйр Форс»га қарши баҳс юритди. Тошкентликлар гуруҳда 1 ғалаба, 4 дуранг ва 1 мағлубият билан 7 очко олган ҳолда 3-ўринни эгаллади.

А гуруҳида иштирок этган «ОКМК» жамоаси «Истиқлол Душанбе», «Ал-Ҳилол» ва «Шабоб ал-Аҳли» билан куч синашди. 2 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият билан 7 очкога эга чиққан олмалиқликлар 4-ўрин билан гуруҳда қолиб кетди.

Қаршининг «Насаф» клуби ОФК Кубогида иштирок этди ва финалга қадар етиб борди. Мусобақанинг F гуруҳидан ўз иштирокини бошлаган қаршиликлар 100 фоизлик натижа билан плей-оффга йўлланма олди. «Насаф» финалга қадар бўлган йўлда Туркманистоннинг «Аҳал», Ҳиндистоннинг «Моҳун Баган» ҳамда Гонконгнинг «Ли Ман» жамоасини мағлубиятга учратди. Бироқ Ўзбекистон жамоаси финал ўйинида Баҳрайннинг «Ал-Муҳаррақ» клубига 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси яна бир бор Жаҳон Чемпионатидан қуруқ қолди. Терма жамоага янги бош мураббий тайинланди

Осиё минтақасида ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқич ўйинлари 2020 йилда коронавирус пандемияси сабаб тўхтаб қолганди. Июнь ойида мусобақа марказлашган тизимда ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинлар Саудия Арабистонида бўлиб ўтди. Вадим Абрамов қўл остидаги жамоа Сингапур ва Яманни қийинчиликсиз мағлуб этди. Бироқ сўнгги турда Саудия Арабистонига йирик ҳисобда имкониятни бой берди ва ўз тарихида илк бор мундиал саралашининг ҳал қилувчи босқичига чиқа олмади.

Бир томондан ОФК ва ФИФА томонидан чиқарилган қарор Ўзбекистонни кейинги босқичга чиқиш имкониятидан қуруқ қолдирди. Гап шундаки, Осиё футбол конфедерацияси КХДР терма жамоасининг ЖЧ—2022 ва Осиё Кубоги—2023 қўшма саралашида қатнашишдан бош тортганини маълум қилди. Шундан сўнг ФИФА томонидан киритилган ўзгаришларга кўра, Осиё минтақасида барча гуруҳлардаги энг яхши иккинчи ўринни олган жамоаларни аниқлашда уларнинг бешинчи (сўнгги) поғонани эгаллаган терма жамоалар билан ўйинлари натижаси бекор қилинди.

D гуруҳида Яман сўнгги ўринни олди ва Ўзбекистоннинг яманликларга қарши ўйинлардаги 6 очкоси олиб ташланди. Саккизта гуруҳдан бешта энг яхши иккинчи ўрин эгалари кейинги босқичга йўл олди. Ўзбекистон эса Тожикистон ва Кувайт сингари жамоалар билан бирга ўз юришини тўхтатди.

Вадим Абрамов

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Ушбу қониқарсиз натижадан кейин Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари конгрессида ЎФА президенти Абдусалом Азизов Вадим Абрамов бошчилигидаги мураббийлар штаби билан ҳамкорлик тўхталишини маълум қилди. Шунингдек, ушбу мажлисда ярим ҳимоячи Одил Аҳмедов терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.

Август ойи охирида Ўзбекистон миллий терма жамоасига словениялик мутахассис Сречко Катанец бош мураббийи этиб тайинланди. Шартнома 2025 йилга қадар мўлжалланган. Унинг мураббийлар штабида 5 нафар хорижлик мутахассис иш олиб боради. Алеш Чех ва Владо Радманович — ёрдамчи мураббийлар, Мартин Магистер жамоа аъзоларининг жисмоний тайёргарлигига жавобгар, Ниҳад Пейкович — дарвозабонлар мураббийи, Ян Катанец — физиотерапевт.

Ўзбекистон терма жамоасининг Катанец қўл остидаги илк ўйини Швецияга қарши бўлди. Ўртоқлик мақомида ўтган баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Элдор Шомуродов Римнинг «Рома» клубига ўтди

Италиянинг «Рома» клуби «Женоа» сафида тўп сурган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов билан шартнома имзолади. 26 ёшли ўзбек футболчиси «Рома» билан 2026 йилнинг июнь ойигача бўлган шартнома имзолади. Шартномага асосан, «Женоа» клуби ўйинчининг кейинги трансферларидан улушга даъвогарлик қилиши мумкин.

Фото: Getty Images

Айни кунга қадар ўзбекистонлик футболчи Рим клуби сафида жами 23 та учрашувда майдонга чиқиб, 3 та гол урди ва 5 та голли узатма муаллифига айланди.

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига чиқди

Фото: Getty Images

Сентябрь ойида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Литвада бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, 1/8 финалга қадар етиб борди. B гуруҳида Россия, Гватемала ҳамда Миср терма жамоалари билан қатнашган ўзбекистонлик футзалчилар 3 тур якунига кўра, 3 очко билан 2-ўринни эгаллади.

1-турда Гватемала билан ўйинда 4:5 ҳисобида мағлуб бўлган Ўзбекистон терма жамоаси 2-турда Россияга 2:4 ҳисобида имкониятни бой берди. 3-турда ўзбекистонлик футзалчилар Миср терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Россия Гватемалани 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, гуруҳда 9 очко билан пешқадам бўлди. Ўзбекистон термаси 3 очко билан 2-ўринни эгаллади.

1/8 финалда Ўзбекистон терма жамоаси Эронга тўқнаш келди. Осиё грандлари ўртасидаги ўйин 8:9 ҳисобида форсларнинг ғалабаси билан якунланди. Шундай қилиб футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатининг нимчорак финал босқичига йўл олди.

Тошкентда иккита йирик проф бокс оқшоми ўтказилди

Фото: Getty Images

Matchroom ва «Мир бокса» промоутерлик компаниялари 2021 йилда Тошкент шаҳрида иккита йирик бокс кечасини ташкил қилди. Уларнинг дастлабкиси апрель ойида Humo Arena’да ўтказилди. Унда саккиз нафар ўзбекистонлик боксчи ўз жангини ўтказди.

Мусобақанинг асосий жангида Муроджон Аҳмадалиев япониялик Рёсуке Ивасини мағлуб этиб, WBA ва IBF камарларини ҳимоя қилди. Шунингдек, Шаҳрам Ғиёсов, Исроил Мадримов, Миразизбек Мирзахалилов, Баҳодир Жалолов, Ҳасанбой Дўстматов, Санжар Турсунов ва Иқболжон Холдоров ушбу бокс оқшомида рингга кўтарилди. Барча жангларда ўзбек боксчиларининг қўли баланд келди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Иккинчи йирик мусобақа декабрь ойида бўлиб ўтди. Тошкентдаги Renaissance Hall’да ташкил этилган оқшомнинг асосий жанги Исроил Мадримов ва Мишел Соро ўртасида бўлиб ўтди. Унда Мадримов техник нокаут эвазига рақибини енгиб, WBA Super камари учун мажбурий даъвогарга айланди.

Бокс кечасида Дилшод Рўзметов россиялик боксчини мағлуб этиб, профессионал боксдаги илк ғалабасини қўлга киритди, Иқболжон Холдоров беларуслик боксчини нокаутга учратди, Элнур Абдураимов ҳам нокаут эвазига ғалаба қозонди. Бектемир Мелиқўзиев тўлиқ давом этган жангда 36 ёшли россиялик боксчини мағлуб этди, Ҳасанбой Дўстматов мексикалик рақибини муддатидан аввал мағлубиятга учратди. Шаҳрам Ғиёсов эса аргентиналик боксчи устидан қийин ғалабага эришди.

Бектемир Мелиқўзиев чуқур нокаутда

Профессионал бокснинг суперўрта вазн тоифасида (-76,2 кг) ҳаракат қиладиган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев июнь ойида америкалик Габриэль Росадога қарши жанг қилди.

АҚШнинг Эл-Пасо шаҳри (Техас штати) мезбонлигида ўтказилган Мелиқўзиев—Росадо жанги атиги 3 раунд давом этди. Жанг аслида 12 раундга белгиланганди. 1-раунд Бектемирнинг тўлиқ устунлигида ўтди ва у ҳатто раунд сўнгида Габриэлни нокдаун ҳолатига туширди. 2-раундда эса боксчилар бироз сокинлашди. 3-раундга келиб Мелиқўзиев ҳужумга ўтган бир вақтда Росадонинг ўта кучли ўнг қўл зарбасини қабул қилди ва чуқур нокаут ҳолатига тушди. Шу тариқа жанг якунланди.

Росадо бу ғалаба орқали Бектемирнинг WBA Continental ва WBO International камарларига эга чиқди.

Токио—2020. Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 5 та медалга эга чиқди

23 июлдан 8 августга қадар Япониянинг Токио шаҳрида ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар орасидан Улуғбек Рашидов (таэквондо), Акбар Жўраев (оғир атлетика) ва Баҳодир Жалолов (бокс) олтин, Давлат Бобонов (дзюдо) ҳамда Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) бронза медалига эга чиқди.

Тошкентда 9 август оқшомида Токио—2020 совриндорлари ва иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Аэропортдаги бадиий дастур ва қутловлардан кейин спортчилар Миллий Олимпия қўмитасига йўл олди. У ерда Олимпиада совриндорларига қатор совғалар топширилди.

Токио—2020 Олимпиадаси олтин медали эгаси Баҳодир Жалолов

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Токио Олимпия ўйинлари олтин медал эгаларига Chevrolet Tahoe автомобили ва 4 сотихли 3 хонали ҳовли калитлари топширилди. Бронза медалига эга чиққанларга эса Chevrolet Trailblazer ва 2 хонали уй берилди.

Токио—2020. Паралимпия ўйинларида ўзбекистонликлар 19 та медал соҳиби бўлди

24 августдан 5 сентябрга қадар бўлиб ўтган ёзги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлди.

Паралимпиада ғолиб ва совриндорлари ҳам муносиб мукофотланди. Олтин медал соҳибларига президент номидан Tahoe автомашинаси ва пойтахтдан уч хонали квартира берилди. Вице-чемпионларга Traverse автомобили ва икки хонали квартира, бронза медал соҳибларига Trailblazer автомобили ҳамда икки хонали уйнинг калитлари топширилган.

Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари совриндорлари бир марталик пулли мукофотга эга чиқди. Олтин медал учун 200 минг доллар, кумуш ва бронза учун мос равишда 100 минг ва 50 минг доллар мукофот пули берилган.

Йил апсети: Ўзбекистон бокс терма жамоаси Жаҳон чемпионатида муваффақиятсиз иштирок этди

Фото: Бокс федерацияси

Сербиянинг Белград шаҳрида 25 октябрдан 6 ноябрга қадар бокс бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионати ўтказилди. 13 та вазн тоифасида барчасида Ўзбекистондан боксчилар иштирок этди.

Кучли таркибга эга Ўзбекистон терма жамоаси кутилмаганда мусобақада бирорта ҳам олтин медал ололмади ва биттадан кумуш ҳамда бронза билан чекланди. Абдумалик Ҳалоков (-60 кг) финалга қадар етиб борган бўлса, Мадиёр Саидраҳимов (-92 кг) ярим финалда ўз юришини тўхтатди.

Ўзбекистон делегациясининг қолган 11 нафар иштирокчиси эса ярим финалга қадар етиб кела олмади. Ҳасанбой ДўстматовШоҳжаҳон АбдуллаевМиразизбек МирзахалиловШаҳрам ҒиёсовШаҳобиддин ЗоировАсадхўжа МўйдинхўжаевОдилжон АслоновНодиржон МирзаҳмедовСаиджамшид ЖаъфаровЛазизбек Муллажонов ва Мужибилло Турсунов турли босқичларда мағлубиятга учраб, Жаҳон чемпионатини медалсиз якунлади.

Токио Олимпиадаси ғолиби Акбар Жўраев оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионига айланди, Руслан Нуриддинов кумуш медалга эга чиқди

Фото: МОҚ

Тошкентда декабрь ойида оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда сўнгги икки Олимпиаданинг чемпион ва рекордчилари Руслан Нуриддинов ҳамда Акбар Жўраев иштирок этди.

Даст кўтариш бўйича Руслан Нуриддинов учта уринишдан биттасини кўтаришга муваффақ бўлди ва 185 кг билан бронза медалини қўлга киритди. Токио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Акбар Жўраев учала уринишни ҳам муваффақиятли якунлаб, 195 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади.

Силтаб кўтариш бўйича ҳам биринчи ўрин Акбар Жўраевга насиб этди. Кумуш медали соҳиби Руслан Нуриддинов эса учта уринишдан иккитасини кўтара олди.

Умумий натижалар бўйича Акбар Жўраев 433 кг билан олтин медалга эга чиқди. Руслан Нуриддинов 421 кг натижа қайд этиб, кумуш медал соҳибига айланди.

Мурод Хонтўраевдан Николай Ширшовгача. Йўқотишларга бой бўлган 2021 йил

Мурод Хонтўраев

Фото: Instagram

2021 йил ўзбек спортида катта ютуқлар қатори улкан йўқотишларга ҳам бой бўлди. Ўзбекистонлик MMA юлдузи Мурод Хонтўраев 19 июль санасида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида автоҳалокатга учраб, вафот этди. Хонтўраев бошқарувидаги BMW X5 русумли автомобиль Lacetti’га туртилиб кетиши оқибатида йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган. Натижада Ўзбекистон MMA ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев воқеа жойида вафот этган.

Декабрь ойи сўнгида Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ футболчиси Николай Ширшов 47 ёшида оламдан кўз юмди. Шунингдек, 2021 йилда MMA жангчиси Элбек Раҳимов қотиллик қурбонига айланди, футболчи Асадбек Тўраев сувга чўкиб кетди, боксчи Гўзал Исматова саратон хасталиги туфайли вафот этди. Футзалчи Тимур Бердиев, футболчилар Диёр Раҳимқулов ва Самандар Йигиталиев автоҳалокат қурбонига айланди.

Шахматда можаролар билан бошланган йил чемпионлик билан якунланди

2021 йилнинг январь ойида «Дарё» Ўзбекистон тарихидаги энг ёш гроссмейстер Жавоҳир Синдоров билан интервьюни эълон қилган эди. Шахматчи тушунарсиз тақиқлар ва федерациянинг эътиборсизлиги ҳақида гапирганди.

Кейинроқ Ўзбекистон шахмат федерацияси «Дарё»да эълон қилинган Жавоҳир Синдоров билан интервьюга расмий муносабат билдирди. Федерация бош котиби Суннатулло Бозорбоев интервьюда сўзга олинган айрим маълумотларга шарҳ бериб ўтган. Шундан кейин Жавоҳир Синдоров федерациянинг мурожаатига ўз муносабатини билдирган. У федерация вакиллари унинг кўп сўзларини нотўғри талқин қилганш ва видеодаги қатор бошқа масалаларни очиқ қолдирганини таъкидлаган эди.

Аслида номдор шахматчилар ва федерация ўртасидаги можаро 2020 йилнинг охирида бошланганди. Ўшанда Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШнинг Миссури университети жамоасида дона сураётгани ва энди халқаро мусобақаларда АҚШ номидан қатнашиши маълум бўлганди. Кейинчалик блогер Азиза Умарова шахматчилар оиласи ва федерация ўртасидаги совуқ муносабат ҳақида мақола эълон қилди. Бунга жавобан федерация раддия билдирди. Федерация ушбу хабарлар фонида ОАВда эълон қилинган мақолаларни бир ёқлама деб баҳолаган. Шунингдек, терма жамоадан чиқиб кетиш фикри спортчининг ўзига тегишли экани ва бунда бошқаларни айбдор қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган. Кейинроқ опа-сингил шахматчилар Нафиса Мўминова ва Хулкар Тоҳиржонова Шахмат федерациясининг раддиясига муносабат билдириб, «Шахмат федерацияси устимиздан мағзава ағдарди» деганди.

Азиз Абдуҳакимов

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

2021 йил 14 январь куни «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинди. Ой охирига бориб шахмат федерацияда раҳбарият алмашди. Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси этиб сайланди.

Фото: FIDE

Йил сўнгида ўзбек шахматида янги саҳифа очилди. Польшанинг Варшава шаҳрида бўлиб ўтган шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов рапид йўналишида ғолибликка эришди. 17 ёшли Нодирбек чемпионликка қадар 5 карра Жаҳон чемпиони Магнус Карлсен, ғолибликка даъвогар Ян Непомняший ва яна бошқа номдор рақибларни ортда қолдириб, рапид йўналишида Жаҳон чемпиони бўлган энг ёш шахматчига айланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан Нодирбек Абдусатторовга «Мард ўғлон» мукофоти ва Тошкентдан 2 хонали уй совға қилинди.

Uzbekistan Sport Awards—2021. Ўзбек спортида йилнинг энг яхшилари аниқланди

Тошкент шаҳрининг Ҳилтон меҳмонхонасида 29 декабрь, чоршанба куни Uzbekistan Sport Awards—2021 маросими бўлиб ўтди. Унда турли номинациялар бўйича 2021 йилнинг энг яхшилари аниқланди.

Мухлислар талқинига кўра, боксчи Баҳодир Жалолов йилнинг энг яхши спортчиси деб топилди. Жалолов 2021 йилда Токио Олимпия ўйинларида ғолибликни қўлга киритганди.

Республика Комиссияси хулосасига кўра, «Йилнинг энг яхши спортчиси» номинациясига Ўзбекистон Миллий кубоги ғолиби, оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари олтин медали эгаси ва жаҳон чемпиони Акбар Жўраев лойиқ кўрилди.

Йил кашфиёти соврини эса таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашидовга насиб этди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!