Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган завод ишчиси Хитойдан келтирилган, аслида, мутахассислар иштирокида йиғилиши лозим бўлган харракли юк кўтариш механизми (козловой кран)ни монтаж қилиш жараёнида темирдан ишланган оғир юкларни кўтариш учун мўлжалланган дастгоҳ (кранбалка)нинг бир қисми бошига тегиши оқибатида вафот этди. Суд мазкур воқеада ишчилари хавфсизлигини таъминламаган корхона раҳбарини айбдор деб топди ва унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда судда қатнашган “Дарё” журналисти хабар берди.
Марҳумнинг яқинларига кўра, воқеа 2024 йилнинг 8 июнь куни содир бўлган. Мазкур иш бўйича суд 2025 йилнинг 26 февраль куни ҳукм чиқарди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган “Кавсар Мадад” хусусий корхонасида иш бошқарувчи бўлиб ишлаб келаётган турмуш ўртоғим 2024 йил 8 июнь куни иш жойида “козловой кран”нинг бир қисми бошига тушиб кетиши оқибатида вафот этган. Бизга етиб келган дастлабки хабарда турмуш ўртоғим иш давомида баландликка чиқиб, хавфсизликка риоя қилмагани сабаб ўзи йиқилиб тушгани айтилганди. Кейинчалик маърака тадбирлари ўтгач, аслида, воқеа бошқача бўлгани, эримнинг бошига темир келиб тушгани учун вафот этганини билдиришди. Аммо воқеани ўрганган терговчи воқеани бошқача талқин қилган. У гувоҳлар ҳам эрим тепадан йиқилиб тушганини кўришганини ёзиб, ҳолатни бахтсиз тасодиф сифатида баҳолаган ва ишни ёпган. Мен ҳақиқатни эшитганимдан сўнг, терговдан қониқмаганимни айтиб, қайта тергов қилишларини талаб қилдим. Кейинги терговда ҳолат очиқланди. Ўша воқеани ўз кўзим билан кўрдим, деган гувоҳлар ҳам бошқача кўрсатма беришди, дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи.

Воқеа дастлабки тергов хулосаси билан ёпилишини истаган корхона раҳбари марҳумнинг аёлига катта фарзандининг ўқиши учун шартнома пулларини тўлашини, кўп қаватли уйлардан хонадон олиб беришини ва марҳумнинг вояга етмаган фарзандлари учун ҳар ой нафақа тўлашни ваъда қилган. Аммо ваъда бажарилмаган.

Турмуш ўртоғим вафот этгач, оиламиз қийналиб қолди. Боиси оиланинг ягона боқувчиси эрим эди. Корхона раҳбари ҳам нафақа тўлайман деб икки ой тўлади, катта фарзандимнинг контракт пулини тўлаб берди. Лекин кейинги ойдаги тўловларни тўлашдан бош тортди. Қайнона-қайнотангга тўлаяпмиз, улар сенинг пластик карточкангга ташлаб беришди, деб ёлғон гапирди. Шу сабаб иш судгача етиб келди, дейди марҳумнинг беваси.

Судланувчи, “Кавсар Мадад” хусусий корхонаси раҳбари судда сўнгги сўзини айтар экан, воқеа бахтсиз тасодиф сифатида эътироф этилишини, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишини сўради.
Марҳум Рустам ака билан 7-8 йилдан бери бирга ишлаб келар эдик. Судда унинг яқинлари айтганидек, орамизда гап қочмаган. Тортишув бўлмаган. Биз агар яхши муносабатда бўлмаганимизда, Рустам ака бу пайтгача биз билан ишламаган бўлар эди. Ўша кунги воқеа бахтсиз тасодиф бўлди. Тўғри, бунда менинг ҳам қисман айбим бор. Шу сабаб менга жазо тайинлашда қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашингизни сўрайман, деди у.
-aJskaChY.jpg)
Судья Улуғбек Очилов ишни кўриб чиқиб, судланувчи — “Кавсар Мадад” хусусий корхонаси раҳбари З.Б.ни Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш одам ўлимига олиб келса) билан айбдор деб топиб, судланувчига бир йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини чеклаб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)