ЎзА собиқ депутат, «Ҳуррият» газетасининг биринчи бош муҳаррири Карим Баҳриевнинг «Ўзбекистон заминидаги ҳеч ким қонундан устун эмас!» сарлавҳаси остидаги мақоласини чоп этди. Уни ўз ҳолича келтириб ўтамиз.
- Ҳоким ва вазир: манфаатлар тўқнашувими ёки даҳанаки жанг?
Ҳақоратлар оқимининг энг шиддатлиси Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновга нисбатан айтилгани англашилади. Вилоят ҳокими бошқарма бошлиғини «ифлос», «ҳайвон», «шакал», «ҳезалак», «карранда», «маймун» каби сўзлар билан атаган. 2 соату 36 дақиқадан иборат аудиоёзув Избоскан тумани маркази Пойтуғда бўлиб ўтган мажлиснинг ёзуви экани маълум бўлди.
Косанинг тагидаги нимкоса...
Албатта, ижтимоий тармоқлардаги халқ ҳокимнинг қўполлигидан ларзага тушди. Гарчанд бу тахлит ҳодисалар изчил чиқиб турган бўлса-да, (қўшни вилоят ҳокими бутун бошли бир раён аҳлини ҳақоратлагани, Андижон шаҳар ҳокими мактаб директорларини сўккани ва ҳатто жарима тўлагани ҳали унутилгани йўқ), бу галги бепарда сўкинишлар ҳаммасидан ошиб тушганди... Шовқин бироз тинди, энди ушбу жанжалнинг тагидаги ҳодисаларни таҳлил қилиш мумкин.
Бу мажлисда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмоновни аёвсиз ҳақорат қилинади: «Нега менга бунақа ақл беряпсан, эй облздравнинг бошлиғи, ифлос, мараз, латта. Эй сени ўзи нимадан хабаринг бор, айтгин! Касалдан хабаринг бўлмаса, ундан хабаринг бўлмаса, анаву маразинг, вазирчанг ифлос, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, Андижондан чиққан, Генпрокурорга хат киргизибди. Шприсни унақа қилиб ўтказяпти, перчаткани мунақа қилиб ўтказяпти тендер қилмасдан. Сен маразсан, дудкасан сен, эрта-индин бошингни ейман, сен ифлосни. Генпрокурор менга айтяпти, Шуҳрат ака бориб вазир билан гаплашиволинг, мана бундай хат қиляпти, деб. Мен шприсни киргиздириб, катта холамникига олиб кетяпманми? Нимасига эътирозинг бор, сифатсиз деганмишсан, ифлос? Сен, как медик тушунадиган бўлсанг, нимаси сифатсиз уни?»
Бошқарма бошлиғи эътироз билдирмади, шекилли, ҳоким давом этди: «Эътироз билдирмасанг, нега унақа қилади? ...Сифатсиз дейсан, нимага айтмадинг, ит! Иккита фронтга ўйнаяпсан, сен ифлос! Тилингни узиб, кетингга тиқиб юбораман, сен маразни ҳали! Сен ўйнашяпсан мен билан, ҳезалак! Лекин эшитиб ол. Бугун менинг қўлимда власт! Икковингни сўяман, сен ифлосларни ҳали!»
Икки соатлик бақир-чақирни эшитиш ҳам оғир, бу ерда келтириш ҳам мушкул ва ўқувчини ҳам асраш лозим. Лекин бу сўзларни эшитаркансан, ҳайратга тушасан. Бу бозордаги даҳанаки жанг ё чойхонадаги олифта жанжал эмас, ахир. Бу бир улкан вилоят ҳокимининг соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, зиёли шифокорга айтаётган гапларидир. Қани маданият, қани маънавият?! Албатта, ҳозир қаттиқ турмасанг, одамларни бошқариб бўлмай қолди, дейдиганлар топилади. Бу ҳақоратни оқлай олмайди. Бажармайдиган ходим бақирсанг ҳам, ялинсанг ҳам итоат қилмайди.
Бу қадар кучли бақириққа сабаб бўлган ҳодиса нима эди? Ҳоким соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига нисбатан айтган ҳақоратли гапларини бошқарма Андижонда ишлаб чиқарилган шприс ва тиббиёт қўлқопларини сифатсиз деб, Тошкентдаги фирмалардан сотиб олаётгани билан изоҳлайди: «Тошкентдаги битта ифлос, бир ердан импорт қилиб олиб келяпти, шприсни. Уни тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Энди, уларнинг ризқи қирқилди-да! Мен у ёққа пул ўтказмаяпман, ўзимникини оламан, деяпман. Манаву главврачларни тўплаганман, олифталарни, кети бўқларни. Умримда бормаган, ифлос, болнисангга бордимми? Ҳаммасини тўплаб айтяпман. Мана шприц, мана перчатка, сифатига, нархига эътирозинг бўлса, айт, деяпман. Кетингни қисдинг ҳамманг, биттанг тишингни оқини кўрсатмадинг. Менинг шприц заводимда 150 та одам ишлаяпти, агар шприс сотилмаса уларга ойлик берилмайди. У завод менга солиқ тўлаяпти. У тадбиркор пул сарфлади, завод олиб келди. Унга ёрдам бермасам, эртага банкрот бўлади. Нимага мен тошкентлик иккита олифтанинг дудкасига ўйнаб унинг шприцини олишим керак? Бу итларнинг кети куйиб, ана шу дудканинг идорасига тўпланишиб олиб, хат қилишган, мараз! Мен сенга олиб келиб бериб, оғзингга тиқиб, кетингдан чиқариб юбораман ана шу прокуратурага ёзган хатингни»
Аён бўладики, ҳоким билан бошқарма бошлиғи ўртасидаги жанжал аслида манфаатлар тўқнашувининг оқибатига ўхшаб кетади.
Вилоят ҳокими барча туманлардаги тиббиёт бирлашмаларига ажратилган бюджет пулларига фақат у таклиф қилган Андижондаги заводдан шприс ва перчатка сотиб олиш талабини қўйган. Врачлар эса, бу маҳсулотларнинг сифатли эмаслигидан, дорига ўтказилган пуллар ҳам заводга ўтиб кетаётганидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилишган. У ердан ишчи гуруҳ келиб, вазиятни ўрганган ва ҳоким нотўғри иш қилаётганини унга айтишган. Ана шундан, ҳокимнинг жаҳли чиқиб кетган ва бошқарма бошлиғини ҳақорат қилиб, мажлисдан ҳайдаб юборган. Бу ерда ҳам манфаатлар тўқнашган бўлиши мумкин.
Дарвоқе...
Элнинг оғзини ланг очдирган жанжалнинг асл сабаби аён бўлди: гап соғлиқни сақлашга ажратилган пулларнинг тасарруф қилинишида экан. Ўзининг талабини икки томон ҳам бир қарашда ҳақли кўринган даъволар билан далиллайди ва қарама-қарши томонни тамагирликда айблайди.
Ҳоким ҳудудида фаолият юритаётган фирманинг тиббий ашёларини сотиб олиш лозимлигини, бу фирмада шу ерлик халқ ишлаётганини ва у маҳаллий бюджетга сезиларли солиқ тўлашини айтади ва қарши томондаги соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг юқоридаги вазирлигини ўзларига таниш фирма орқали давлат бюджети пулини сарфлаётганини, шундан манфаатдорлигини даъво қилади («Уни тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Энди, уларнинг ризқи қирқилди-да!»).
Соғлиқни сақлаш вазири ва вилоят бошқармаси раҳбарияти беморларнинг соғлиғи муҳимлигини, сотиб олинаётган тиббий ашёлар сифатли бўлиши лозимлигини, вилоятдаги фирмадан олинишида ҳокимнинг манфаати борлигини айтади.
Икки томоннинг ҳам даъвоси асослидай жаранглайди ва шубҳасиз асослидай ҳам кўринади.
Наҳотки ечим бўлмаса?
Ечим бор ва у шундоқ юзада турибди. Юзага келган вазият давлат бюджети маблағларининг тасарруф этилиши жараёни ҳали ҳам тор хоналарда ҳал этилаётганини кўрсатади.
Соҳа томонида буни вазир ёки бошқарма бошлиғи ҳал қилади. Ҳокимликда ҳокимнинг айтгани-айтандир. Аслида ҳар икки томонни шубҳадан холи қилиш учун давлат харидлари соҳасини шаффофлаштириш, харидларни ошкора ва ҳалол тендерлар орқали амалга ошириш зарур. Бу Коррупцияга қарши курашга оид Давлат дастурида ҳам, ҳукумат қарорларида ҳам бевосита кўрсатилган.
Ўша ҳокимият хайрихоҳ бўлган фирма ҳам, вазирлик хайрихоҳ бўлган диллерлар ҳам ошкора тендерда қатнашса, жамоатчилик соҳага қанча пул ажратилганини, қаёққа сарфланганлигини билса, матбуотда ошкоралик қарор топса, шу тахлит жанжаллар ва ўзаро айбловларга ҳожат қолмасди.
2. Ҳоким ва тадбиркор: қурилишлар ва бузилишлар.
2019 йил 20 июлда қашқадарёлик тадбиркор унинг дўконини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосарини ёқиб юборди. Воқеа симптоматиклиги билан ҳаммани ларзага солди.
Чунки ҳокимларнинг зуғумидан сўнг ўзини осган, ўзини ёққан тадбиркорлар бўлганди. Ҳукмдорлар сўккан, сувга туширган, тош кўтариб қўйган фермерлар бўлганди.
Нима учундир ҳокимларнинг зўравонлигига ҳамма чидаб келаётганди. Махсус тергов гуруҳлари ҳам жўнатилмаган, босди-босди бўлиб келаётганди. Энди тадбиркор ҳокимият вакилининг ўзбошимчалигига исён қилганида бирдан юқоридан махсус гуруҳлар юборилди ва исёнчи қамоққа олинди.
Воқеа
Хабар қилинишича, 4-5 ойдан буён Яккабоғ «посёлка»сидан «Дўнг қишлоқ»гача бўлган ҳудуд «Обод қишлоқ» дастури лойиҳасига тушганлиги сабабли, асосан йўл кенгайтирилиб, йўл устида жойлашган қурилишлар бузилмоқда. Тадбиркорнинг ҳам дўкони бузилиши керак бўлган ва бунга тадбиркор оила аъзолари билан бир қанча вақт қарши бўлиб келган.
20 июль куни Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосари соат 17:30 ларда «Ҳисор Сарлочин» МЧЖнинг бир қатор дўконларини бузмоқчи бўлган. «Тадбиркор бунга қаршилик кўрсатган. Чорасиз қолганидан сўнг ҳоким ўринбосари устига бензин қуйиб уни ёқиб юборган. Оқибатда у терининг 30-40 фоиз куйиши жароҳати билан касалхонага етказилган», дейилди Бош прокуратура хабарида.
Ушбу ҳолат юзасидан Яккабоғ прокуратураси томонидан тадбиркорга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
«Kun.uz» портали суриштирувида айтилишича, бинони бузиш учун ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган, воқеа бўлиб ўтгач, ҳокимликдагилар огоҳлантириш хати олиб келган. Компенсация ҳақида-ку гап-сўз бўлмаган. Ўша заҳоти тадбиркор ва унинг ўғлини тўғри ИИБ бўлимига олиб кетишган. Олов ёқишда қатнашмаган бўлса ҳам, ўғлини 50 соатдан ортиқ вақт мобайнида ушлаб турилган ва ҳаттоки унинг таъкидлашича, бошидаги ва елкасидаги жароҳатларни ИИБ ходимлари етказган (мақолада жароҳат изларининг расми илова қилинган).
Дарвоқе...
Шубҳасиз, самосуд – яъни қонунбузарликларга қарши қонунбузарлик қилиш мақбул иш эмас. Бировнинг устига бензин қуйиб ёқиб юбориш ва натижада ўзгаларнинг ҳаётига хавф остига қўйиш жиноятдир. Ҳар икки томоннинг ҳам хатти-ҳаракатларига адолат билан ёндошиш керак.
Яккабоғлик тадбиркорнинг ҳокимият вакилига бензин сепиб, ўт қўйишига баҳо бердик. Энди ҳокимият вакилининг ҳаракатини кўрайлик: ичида одамлар турган бинони бузишга унинг заррача ҳаққи-ҳуқуқи борми?! Ким унга далда ва ҳуқуқ бердики, на огоҳлантириш хатисиз, на товон пули тўламасдан ўзганинг мулкини вайрон қилади? Бульдозерчиликка ўқиганми, ўқиган бўлса, айнан шу вайронкор машинани ҳайдашга далолатнома ё ишончнома олганми?
Ҳоким ўринбосарининг бу ҳаракати ҳам – унинг ўзига хос самосудидир.
Ечим борми?
Конституцияси ва қонунларига кўра демократик ҳуқуқий республика тузумига эга бўлган ўзбек томони қонунларига ҳар икки томон риоя этганда, бу бало йўқ эди.
Конституциямизда мулк дахлсизлиги кафолатланган. Қонунларимизда фуқаро мулкини фақат давлат эҳтиёжлари учун ва олти ой олдин огоҳлантириб, товон пули тўлангачгина, бузиш мумкинлиги кўрсатилган.
Динимизда «ўз мулкини ҳимоя қилиб, ўлган мўмин шаҳид мақомига эга»лиги айтилган (Расулуллоҳдан Термизий келтирган ҳадисларда).
Жаҳон тажрибаси-чи?
Ўзининг технократлиги, комополитлиги билан мақтанадиган, ҳар қадамларини «ривожланган давлатлар тажрибаси», «жаҳон стандартлари» билан изоҳлайдиган ва жаҳондан фақат ўз фойдаларига ишлайдиган тажрибаларни оладиган кўпгина амалдорларимиз биладилар ва билишлари лозимки, АҚШ конституциясига кўра, «Конгресс сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бирор-бир қонун чиқариши мумкин эмас» ва «хусусий мулк ўрни қопланмасдан жамият фойдасига мусодара қилиниши мумкин эмас».
Конституцияда таъкидланишича, ҳукумат ёки хусусий компания бошқанинг мулкини огоҳлантириш ва муносиб компенсация пулини тўламай, тортиб олиш, мол-мулкка зиён етказишга ҳаққи йўқ. Одатда мол-мулк тортиб олинаётгани учун тўланадиган компенсация пули бозор қийматидан паст бўлмайди. Ҳукумат ва мулкдор бу борада музокара олиб бориши белгиланган. Агар иш музокара билан ижобий ҳал этилмаса, суд масалани ўрганади ва давлат ё жамият манфаатини кўзлаб эмас, балки адолатли қарор чиқаришга интилади.
1996 йил Американинг шарқидан ғарбигача айланиб, Вашингтонга келганимда Президент турадиган Оқ уйдан Конгресс биносига кетиладиган йўлда бир эшик деразаси ўпирилиб тушган, вайрона бинони кўрдим ва нега бундайлигини сўрадим.
Давлат департаменти вакили бу шахсий мулк эканлигини, уни бузиб ташлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини айтди. Уйнинг шаҳар ҳуснига доғлигини биладиган эгаси бузиш учун шу қадар катта товон пули талаб қилаётган эканки, пойтахтнинг бюджети уни кўтара олмас экан, уй соҳибининг розилигисиз уни бузиб бўлмайди. Шаҳар ҳокимияти уй ҳудудидан ташқарида каттароқ реклама баннерлари билан бироз ёпишга ҳаракат қилган, холос.
Мулкнинг дахлсизлиги халқаро ҳуқуқнинг таркибий ўзагидир. «Ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас», – бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 17-моддасида қатъий белгиланган.
Демак, бировнинг уйини огоҳлантиришсиз ва товон тўламасдан бузаётган ҳокимият нафақат ўз қонунларини ва мамлакат Конституциясини, балки халқаро ҳуқуқда кўзда тутилган жиноятни содир этмоқдадир.
Дарвоқе...
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги №97-сонли «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори бор.
Унга кўра, давлат эҳтиётларига кўра уйлар бузилиши мумкин, аммо уйни бузиб яна уй қуриш – давлат эҳтиёжи эмас. Уй қуриш бизнеси вакилларига маҳаллаларни тортиб олиб бераётган ҳокимлар коррупция даъвоси остида қолиши табиийдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №5495-сонли фармонида ҳам бу тартиб яна бир марта такрорланган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар ўрни тўлиқ қоплангандан кейин рухсат берилиши айтилади.
Бунга риоя қилиняптими?
Бугунги кунда ҳокимиятларнинг аллақачон бузилган уйлар учун товон тўлашидан қарзи 300 000 000 000 сўмдан ошганлигини Адлия вазирлиги таъкидламоқда.
Алал-оқибат...
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди: «Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт».
Хулосалар
Аксарият ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари ўзларини «хон, кўланкасини майдон» қилиб олди. Охири, мана, ўзлари бульдозерга ўтирволиб, бировнинг мулкини буза бошлади, эртага тўппа-тўғри халқнинг устига ҳайдашдан ҳам тап тортмайди, шекилли...
Албатта, Президент ҳокимларни «менинг вакилларим» деганда халқни қонун доирасида бошқариш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жойларда адолат ўрнатиш учун ҳокимларни вакил қилди.
Халқни сиқиб, сувини ичиш, устига бульдозер билан ҳайдаш учун эмас. Умуман, ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари қонуний раҳбарлик қилишлари керак.
Мана, энди Касби тумани ИИБ бошлиғи фермерларни беш соат қирқ беш-эллик градус иссиқда автобус ичига қамаб «ўқитди», деган видеолар чиқди. Бугун «ҳокимият» қўлимда, бу ҳудудда қонун ҳам ўзим, суд ҳам ўзим, билганимни қиламан, дейдиганлар пайдо бўлди-ку?!
Бу хатти-ҳаракатлар ислоҳотларга эмас, уларга қарши ҳаракатлардир. Халқнинг бошқа чораси қолмаса, қонуний йўл билан ҳокимларга бас келолмаса, Яккабоғдаги ҳолатлар юзага келади. Бунақа зўравонликлар охири ижтимоий бўҳронларга олиб боради.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча марта: «Ҳокимлар – менинг жойлардаги вакилларим. Уларни ўзим ҳимоя қиламан», деганди.
Бироқ, шу билан бирга, ёдимиздаки, Шавкат Мирзиёев: «Тадбиркорлар – менинг ҳимоямда», «Шу халқимиз биздан адолат истайди», «У узоқ сабр қилди зўравонликларга, унга раҳмат айтишимиз керак сабри учун», «Мен халқимиз томонидаман, ҳокимият – халқнинг хизматкори», деб ҳам кўп бора айтди.
Давлат халқни ҳимоясиз қолдирмайди
Бундан ташқари, яқинда Урганч шаҳрида уйи бузилиб, компенсация тўланмаган фуқаролар норозилик билдириб, Ҳонқа туманига олиб борадиган йўлни тўсиб қўйгани каби ҳолатлар ҳам юз берди.
Шунга мувофиқ Бош вазир Урганчга етиб борди ва у ерда уйи бузилган оилалар билан суҳбат ўтказди. Уларнинг муаммосини жойида ҳал этиш чоралари бўйича топшириқлар берилди. Шу тариқа Бош вазир ташрифидан кейин аҳолига компенсация пуллари ўша ернинг ўзида тўлаб берилмоқда, дея хабар қилинди кўплаб ижтимоий тармоқларда.
Мамлакатда қонун ишлаши керак
Албатта, ҳокимлар вазирликлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бўладиган тазйиқлардан холи бўлиши керак. Шу билан бирга, бу лавозим уларга улкан масъулият ҳам юклаган ва улар буни унутмасликлари керак. Улар ўзларини қароқчидан ёки даллолдай бақироқ туцалар, юксак маданият ва маънавиятдан йироқ бўлсалар, зулм ва зўравонликни бошқарув усули сифатида қаттиқ тутиб турсалар, улар кимнинг вакилларига менгзайди?!
Шубҳасиз, «шоқол», «мараз» дегани ҳақоратдир, «ҳезалак» дейиш шахснинг эркаклик қобилиятига шубҳадир, шаънига исноддир. Жиноят кодексининг 139-моддасида кўзда тутилган, озодликдан маҳрум этилишга сабаб бўладиган жиноятдир. Буни кўриб ўша мажлисда ўтирган қонун назорати юкланган ташкилот раҳбарларининг ҳеч нарса юз бермаётгандай, жим ўтириши ҳуқуқий давлатга мос иш эмас. Бир ёнда ҳокимият вакилларининг истаган одамини «мараз», «шакал» ё «хезалак» деган ҳақорати оқибатсиз қолаётган бир пайтда яна бир мансабдор - Халқ таълими вазири бор-йўғи «газета ва китоб ўқимаган» дегани учун етмиш ёшли журналистни ҳақоратда айблаб судга бергани ва бу даъвони судлар жон деб қабул қилганини унутганимиз йўқ.
Ҳокимларнинг мажлисларда осонгина «қаматаман», «ол, мана буни олиб бориб тиқиб қўй, кўзи очилсин» дейиши ҳам ҳайратлидир. Эй, биродарлар, бугун буларнинг барчасини дунё кўриб турибди. Шу мажлисда ўтирган прокурор ёки полиция раҳбари: «Узр, сизда бировни қаматишга ҳукм қилиш ваколати йўқ», деб айта олмайдими?!
«Ҳоким», «ҳокимият», «ҳукумат» сўзларининг ўзаги «ҳукм» сўзидандир, ҳукм эса – қонундир. Ҳокимият қонунни жорий этиш учун, қонуний бошқариш учун таъсис этилгандир, прокуратура қонун ижросини назорат қилиш учун фаолият юритиши белгиланган, ички ишлар идоралари қонубузарларга қарши туриши керак. Яъни буларнинг барчаси аслан ва моҳиятан халқнинг ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, рўёбга чиқариш учунгина воқедир.
Ҳоким қўл остидагиларни «мараз», «ҳезалак» деб ҳақоратласа, прокурор қонунга кўра эмас, ҳоким «олиб бориб, тиқиб қўй» деганни қамаса, милиция бошлиғи фермерларни ичкариси етмиш-саксон градус қайнаб турган, кондиционерсиз автобусга уч соатлаб қамаса, савол туғилади халқни «ҳимоячилар»нинг ўзидан ҳимоя қилиш зарурати юзага келмадими?!
Демократик ҳуқуқий давлат қураётган эканмиз, қонун устуворлигини эълон қиларканмиз, давлат ва жамият муносабатларида маданиятли, қонунга асосланган, инсоний муносабатларни ўрнатишимиз лозим.
Карим Баҳриев
Изоҳ (0)