«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.
Буюк Британиядаги изоляция: Борис Жонсоннинг нутқидан сўнг кимлар ишга қайта олади?
Бош вазир Борис Жонсон уйидан туриб ишлаш имконига эга бўлмаганлар ўз ишларига қайтиши мумкинлиги ҳақида гапирди, деб ёзади The Independent нашри. 10 май санасида Британия бош вазири мамлакатда карантин билан боғлиқ ҳолатларни юмшатиш борасида янги чораларни татбиқ этиш ҳақида чиқиш қилди.Янги чоралар доирасида мамлакат миқёсида ишчиларга бериладиган хавфсизлик чоралари бўйича ўзгаришлар ҳам ўрин олди. Мамлакатда 23 март санасида пандемия билан боғлиқ татбиқ қилинган карантин шароитида меҳнат фаолиятини давом эттираётганлар агар имкони бўлса, ўз вазифаларини уйдан туриб амалга оширишлари ҳақида таъкидлаган эди. Бу чоралар фақатгина супермаркетлар, транспорт ва соғлиқни сақлаш тизими ҳамда таълим тизимида меҳнат қилаётганларни истисно қилган ва улар ўз меҳнат фаолиятини иш жойларидан туриб амалга оширишларига рухсат берганди.
Борис Жонсон 10 майдаги нутқи давомида карантин шароитида агар кимда ким ўз меҳнат фаолиятини уйдан туриб давом эттира олмаётган бўлса, шуларгина ўз иш жойларига бориб ишлашлари мумкинлиги ҳақида гапирди. Бу биринчи навбатда қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётганларгагина тааллуқли эканини ҳам таъкидлади. Шу билан бирга, ўз иш жойларига қайтаётганлар хавфсизликка асосий урғу қаратишлари борасида ҳам маслаҳат берди. Иш фаолиятига қайтаётганларга имкони борича жамоат транспортидан фойдаланмаслик ва ижтимоий масофани сақлаш ҳам тавсия қилинди.
Нашрнинг изоҳлашича, ўз меҳнат фаолиятини иш жойидан давом эттиришга рухсат берилаётган ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаси ходимлари ўз имкониятларига қараб қарор қабул қилиши мумкинлиги назарда тутилади. Ecotricity яшил энергия компанияси асосчиси Дейл Винснинг The Guardian нашрига берган интервьюсида «компания ўз ходимларини ишга қайтишга мажбур қилиб, уларнинг саломатлигини хавф остига қўйишини истамаслигини» айтган.
Британия изоляцияда қолаётган бир даврда асосий тармоқ ишчилари соғлиқни сақлаш тизими, супермаркетларда ишлаётганлар, жамоат транспорти, ёнғин хавфсизлиги ва полиция ходимлари асосий соҳа ходимлари сифатида карантин даврида ҳам ишламоқда.
Бош вазир ўз нутқи давомида коронавирусдан ҳоли меҳнат ҳудудлари қандай бўлиши борасида изоҳ берар экан, бундай ҳудудларга шахсий машина ёки велосипедда қатнаб ишлаш мумкин ҳудудлар эканини, қолаверса, жамоат транспортида ҳам коронавирусдан сақланиш стандартларига эътибор бериши ҳақида гапириш билан чекланган бўлса-да, коронавирусдан холи меҳнат ҳудуди қандай бўлиши ҳақида батафсил маълумот бермади.
Шунга қарамасдан коронавирусдан холи ҳудуд қандай бўлиши борасида парламентга тақдим этилган дастлабки ҳужжатлар режасини BBC ахборот агентлиги жамоатчиликка тақдим қилишга улгурди ва бунда карантин билан боғлиқ вазиятни юмшатишга доир бир қатор тадбирлар ўрин олган.
Buzz Feed News нашри эса изоляцияни юмшатиш билан боғлиқ вазирлар имзолаган етти қисмдан иборат ҳужжатнинг қораламаси билан танишлиги борасида ахборот тарқатди.
Қоралама нусхадаги тадбирга кўра, меҳмонхона ва ресторан бизнесида ишлайдиган ходимлар, ғамхўрлик ва парвариш билан боғлиқ ишларда бошқаларнинг уйларида ишловчи ходимлар, фабрика ва завод ишчилари, ободончилик тизимида ишловчи ходимлар, дўкон сотувчилари, офис ходимлари ва транспорт ходимларига иш фаолиятини давом эттиришларига йўл қўйилиши ҳақида сўз кетади.
Хавфсизликни амалга ошириш борасида эса ўз меҳнат кийимларини иш жойида дезинфекция қилиш, ходимларнинг ишга келиш ва кетиш вақтини алоҳида қайд этиш, биноларга кириш ва чиқишни бир йўналишда ташкил қилиш, қўлни ювиш ва дезинфекция хоналарини ташкил қилиш, коридорларни, зина ва лифтларни дезинфекция қилишни назарда тутадиган чоралар мавжудлиги кўринади.
АҚШнинг Хитойга юриши ёхуд Хитой ҳукуматининг қарши чоралар сиёсати
Хитойда нашр этиладиган Global Times нашри республикачиларнинг Хитойдаги коронавирусдан етказилган зарарни қоплаш борасидаги даъво ташаббуси сабабли АҚШни мамлакатни суверенитетига дахл қилиши ва расмий Пекин акс жавоб тарзида лойиҳа ташаббускорлари қийин аҳволда қолиши учун бор имкониятни ишга солишга тайёрлиги ҳақида мақола чиқарди.Хитойлик амалдорлар АҚШнинг нима қилиб бўлмасин Хитойни COVID-19 пандемиясининг ёйилишида айбдор қилишга уринишларидан паймонаси тўлди. Шу сабабли Хитой ҳукумати АҚШдаги бир қатор юридик шахсларга ва компанияларга нисбатан акс чоралар кўрилишини очиқлади. Улар орасида Миссури штати бош прокурори Эрик Шмидт ҳам бор. Эрик Шмидт коронавирус сабаб Хитойга қарши судга даъво аризаси киритган. The Global Times нашрига яқин бўлган хитойлик мулозимлар мамлакат акс чора сифатида тўрт нафар республикачи конгрессменлар ва иккита Америка компаниясини қора рўйхатга киритишни режалаштирди.
Бу эса шунчаки рамзий жавоб чораси эмас, аксинча АҚШ учун оғриқли жавоб чораси бўлиши эҳтимол. Айрим Хитойга адоватда бўлган республикачи конгрессменлар, губернаторлар, прокурорлар Хитой пандемия шароитида бееътиборлик қилгани натижасида жиддий иқтисодий оқибатлар келиб чиққани иддао қилиб, Хитойдан товон ундириш мақсадида даъво қўзғаган.
АҚШ федераль судига шу кунгача шундай даъво аризаларидан олтитаси келиб тушди. Айрим қонуншунослар бўлса ўз қонун лойиҳаларида Хитойга суд тартибида даъво қўзғаш ҳуқуқий тўсиқларга қарамасдан анча енгилроқ кечиши мумкинлиги борасида фикр билдирди. Штатлар учун эса бу анча мушкул иш экани билан ўз фикрларини баён қилди. Миссури штати Хитойга қарши пандемия учун даъво қўзғаган биринчи Америка штати бўлди.
21 апрель санасида Миссури штати бош прокурори Эрик Шмидт Хитой вирусни тўхтатиш борасида ҳеч нарса қилмагани, вируснинг хавфли экани борасида ёлғон маълумот бергани ва штат иқтисодиёт вирус оқибатида 10 миллиардлаб доллар зарар кўргани юзасидан Хитойга қарши судга даъво киритди. Миссисипи штати бош прокурори ўз касбдошидан ўрнак олган ҳолда Миссисипи штати аҳолиси адолатга эришиши ва Хитойни жавобгарликка тортиш кераклиги борасида даъво иши қўзғади ва хитойлик экспертлар ва қонуншунослар ўртасида кулгига қолди.
Хитойлик расмийлар эса Хитойни жавобгарликка тортиш ташаббуси билан чиққан америкалик мулозимлар сиёсий фараздан бошқа нарсага эришмайди ва шу билан бирга улар жиддий оқибатлар остида қолади, бу эса Хитой ва Миссури ўртасидаги савдо алоқаларининг сустлашувида кўринади, демоқда. Пандемия боис Хитойга қарши қонун лойиҳасини фаол илгари сураётган сенаторлар орасида миссурилик Жош Хоули номи ҳам бор.
Апрель ойининг ўрталарида жаноб Хоули Хитой суверинетига дахл қилувчи ва америкаликларга пандемия билан боғлиқ асл манзарани бузиб кўрсатувчи маълумотларни тарқатгани боис Хитойга қарши даъво қилиш имконини берадиган ташаббусни илгари сурди. Арканзаслик сенатор Том Коттон ва техаслик республикачи сенатор Ден Креншоулар ҳам коронавирус сабабли Хитойга қарши даъво билан чиқиш қонун лойиҳасини кўтариб чиқди. Орадан бир кун ўтиб, ню-жерсилик қонуншунос Крис Смит Хитойни суверенитетидан маҳрум қилиш ва ҳар бир америкаликка Хитойга қарши даъво қўзғаш имконини берувчи қонунчилик ташаббусини кўтариб чиқди.
Афтидан мазкур қонуншуносларнинг бутун иш куни Хитойга қарши ҳаракатлар билан банд. Хоули республикачи сенатор Рик Скот билан биргаликда федераль тизимда иш кўрадиган мулозимлар учун TikTok иловасидан фойдаланишни тақиқлаб қўйиш таклифини илгари сурмоқда. Америкалик сенаторлар ва конгресменлар қандай қилиб бўлса ҳам коронавирус учун Хитойни жавобгар қилишга уринмоқда. Хитой эса бир неча маротаба икки давлатнинг яхши муносабатлари фақат ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида кечишини таъкидлаб келади. Аммо Хитой ҳукумати бу сафар Хитой–АҚШ муносабатларига панд бераётган америкалик сиёсатчиларнинг «кўролмасликларига» ён бермоқчи эмас.
Хитой ҳукуматидаги мулозимлар назарида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга рахна солаётган америкалик сиёсатчиларнинг фаолиятига панжа ортидан қараб бўлмайди ва Хитой кескин ва қатъий чораларни кўриши керак. Статистик маълумотларга эътибор бериладиган бўлса, Хитойнинг Миссури штатидаги экспорт ҳажми Британия ва Канададан сўнг учинчи ўринда туради. 2019 йилда Миссури штатидан Хитойга етказиб берилган товарлар ва хизматлар кўлами 1,1 миллиард долларни ташкил қилган. Хитойнинг Чикагодаги консули Хун Лей маълумотларига кўра, Хитой компаниялари Миссурига 1,1 миллиард доллар сармоя киритган ва 4 500 нафар ишчи ўрин яратган.
Айрим Миссуридаги компаниялар ҳам Хитойга сармоя киргизган. Хитой раҳбарияти Миссури штатига қарши жавоб тарзда иқтисодий жазо чоралари киритгудек бўлса, бу миссурилик тадбиркорлар учун катта зарба бўлади. АҚШ мулозимларининг ташаббуслари эса айни пайтда бир сиёсий популизмдан бошқа нарса эмасдек кўринмоқда.
БМТни ислоҳ қиладиган пайт келдими?
The Project Syndycate нашри БМТнинг сўнгги пайтларда нуфузи тушиб кетаётгани ортидан мазкур ташкилотни ислоҳ қилиш борасида эътиборга молик фикрлар билан чиқмоқда.COVID-19 пандемияси бир қатор халқаро институтларнинг нуфузи тушиб кетаётгани ва шу боисдан ҳам БМТнинг ислоҳ қилиниши борасида бир нечта мулоҳазаларни ўртага ташлайди. Хусусан, БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нуфузи пандемия сабаб анча обрўсизлангани ва бунинг асосий сабаби сифатида халқаро консенсус ва ҳамкорликнинг йўқлигини таъкидлайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти молиявий кўмакка энг зарур пайтда муҳтожлик сезаётган пайтда АҚШнинг ташкилотни молиялаштиришни тўхтатиб қўйишини эълон қилиши улкан зарба бўлди.
БМТнинг коронавирус пандемиясидан кейинги қадамлари қандай бўлишига эса кўп нарса боғлиқ бўлиб қолмоқда ва бу кейинги қадамлар ташкилотнинг келажагини белгилашда муҳим ҳисобланади. БМТ ташкил этилган пайтдан бери дунё сиёсатига ижобий таъсир қилди ва кўплаб муаммоларга ечим топа олди. Бу эса ташкилотнинг келажаги борасида умидбахш тасаввурларни юзага келтирди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, сиёсий низоларни тинч йўл билан бартараф этиш, колониализмни тугатиш борасидаги БМТ қўшган ҳисса беқиёс.
Аммо сўнгги пайтларда БМТнинг халқаро майдондаги нуфузи туша бошлади, унинг дунё мамлакатлари сиёсатига таъсири заифлашди. Қачонлардир дунё сиёсатида ҳакамликка даъво қилган ташкилот бугунда эски доктрина ва концепциялар боис заифлашди. БМТ халқаро бошқарув органи сифатида самарасиз, ҳеч ким эътиборга олмайдиган ташкилотга айланди. Ҳозирда БМТ иккинчи жаҳон уруши ва Совет Иттифоқининг парчаланишидан кейинги эришган натижадорлигидан маҳрум бўлди.
Дунё сиёсати ўзгарган бўлса-да, аммо БМТ ҳамон эски концепциялар билан иш кўрмоқда. XXI асрда дунё сиёсати, иқтисодиётидаги кескин ўзгаришларга мослашиш учун БМТга эскича қарашлар халақит қилмоқда. COVID-19 билан боғлиқ дунё иқтисодиётидаги тушкунлик БМТ дунё ҳамжамияти олдидаги нуфузини тиклаб олиш учун ҳали ҳам кеч бўлмагани умидини беради. Бугунги дунё янги тизим учун ҳаракат қилар экан, у ёки бу муаммони бир давлат ёки бир неча давлат уюшган ҳолда ҳал эта олмаслигини кўрсатиб қўйди.
Пандемия билан боғлиқ инқироз пайтида жаҳон ҳамжамияти бирдамлигида камчиликлар кўзга ташланди, мамлакатлар вирусга қарши курашда ёлғиз қолди ва ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринди. Коронавирус инқирози тугаши билан дунё мамлакатлари айбдорни излашга тушиб кетади. Айнан шундай бир вақтда БМТ халқаро ташкилот сифатида кучли «бўронни» измига солиш учун таъсирга эга бўлиши лозим. Бу эса БМТ учун машаққатли қарор қабул қилиш жараёни ва эскича дунёқарашдан воз кечиш имконини беради.
Пандемиядан сўнг таълим, маданият, илм-фан каби соҳалар ўта муҳим бўлиб қолади ва БМТ қошидаги ЮНЕСКО ташкилоти учун маданий қадриятларни сақлаб қолиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, илмий ҳамжамиятни йўналтириш ва янги пандемияларнинг олдини олиш, ташкилот халқаро ҳамжамият аъзоларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда раҳбарият ишини ташкил қилишдек масалаларга янгича ёндашуви муҳим масала бўлиб қолади. Шу каби муаммоларга муваффақиятли ечим топишгина БМТ ва ЮНЕСКО каби ташкилотларнинг келажагида муҳим рол ўйнайди.
БМТни ислоҳ қилиш юқори бўғин – Хитой, Россия, Франция, Буюк Британия ва АҚШ аъзо бўлган Хавфсизлик кенгашидан бошланиши жоиз. Хавфсизлик кенгаши аъзолари Африка, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқ минтақаси мамлакатлари давлатлари аъзолари ҳисобига кенгайтирилиши лозим. Бу эса глобал аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда муҳим. Бундай ўзгаришлар эса тамомила ўзини оқлайди. Нега? Ҳиндистон мазкур ўн йилликда энг аҳолиси кўп мамлакатга, Япония дунёнинг иқтисодий жиҳатдан етакчи учинчи мамлакатига айланади, ЖАР ва Нигерия эса Африка қитъасидаги иқтисодий ва демографик ўсиши юқори бўлиши кутилаётган мамлакатлардир.
Бундан ташқари, БМТ ташкилотлари жойлашган минтақа мамлакатлари ташкилотнинг юқори мансабларига тайинланмаслиги керак. Кўпинча бундай ҳолат ташкилотнинг қонун доирасида иш кўришига ва мустақиллигига салбий таъсир қилмоқда. Бундай қарорлар амалда қандай оқибатларга олиб келаётгани пандемия даврида юзага чиқиб қолмоқда.
Қоҳирада жойлашган араб давлатлари Лигаси ташкилоти араб дунёси ҳамкорлиги учун ташкил қилинган эди, аммо мунтазам равишда мазкур ташкилотнинг бош котиблигига мисрлик вазирлар сайланиб келиши бу ташкилотнинг таназзулига олиб келди. Расмий Қоҳира мазкур ташкилотни Миср сиёсатининг тармоғига айлантиришга уриниши натижасида ташкилот сиёсати таназзулга юз тутди ва ўз олдига қўйган мақсадларни амалга ошира олмади.
COVID-19 пандемияси эса БМТни ислоҳ қилиш учун янги туртки бўлиб хизмат қилиши керак. Ислоҳотлар амалга ошмаса, қачонлардир муҳим кескин сиёсий жараёнларни олдини олишга ёрдам берган ташкилот бугунги дунёдаги ўз аҳамияти ва нуфузини йўқотишда давом этади.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Изоҳ (0)