Ҳиндистоннинг Керала штати ҳукумати Кочи шаҳридан тахминан 70 километр узоқликда контейнер кемаси чўкканидан сўнг қирғоқбўйи ҳудудларида фавқулодда тайёргарлик ҳолатини эълон қилди. Бу ҳақда The Indian Express нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, кема бортида “хавфли юк” ҳамда кўп миқдорда нефть маҳсулотлари бўлган. Барча экипаж аъзолари қутқариб қолинган.
Қирғоқни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, контейнер кемаси Вижинжам портидан Ҳиндистоннинг Кочи шаҳрига йўл олган бўлган. Кема шанба куни қирғоқдан 38 денгиз мили узоқликда қийшая бошлаган, якшанба куни эса трюмлардан бирига сув тўлиб, ағдарилиб кетган.
“Кема 640 та контейнер, жумладан 13 та хавфли юкли ва 12 та кальций карбидли контейнерни ташиётган эди. Бундан ташқари, кемада 84,44 тонна дизель ёнилғиси ҳамда 367,1 тонна мазут бўлган”, деб айтилади хизмат хабарида.
Контейнер кемаси Либерия байроғи остида сузган. Тахминан 100 та контейнер сувга тушиб кетган.
Чўккан кема соатига 3 километр тезликда сузиб бормоқда. Нефть доғи Керала қирғоқларига етиб бориши мумкин. Контейнерлардаги нефть маҳсулотлари ва кема ёқилғиси денгиз сувига тушган.
Таъкидланишича, нефть маҳсулотлари тўкилиши оқибатларини бартараф этиш билан махсус қирғоқ қўриқлаш кемаси шуғулланмоқда. Самолёт ҳавода вазиятни кузатиб турибди. Эҳтиёт чоралари сифатида маҳаллий ҳокимият кема ҳалокат содир бўлган жой атрофида 20 денгиз мили радиусда балиқ овлашни тақиқлаган.
22 май куни Норвегияда узунлиги 135 метр бўлган NCL Salten контейнер ташувчи кемаси саёзликка тушиб, қирғоқ бўйидаги уй ҳовлисига бориб урилганди.
Изоҳ (0)