Яманнинг Сокотра провинцияси қирғоқлари яқинида 29 май куни Ҳиндистон кемаси чўкиб кетган. Бу ҳақда Яқин Шарқ манбаларига таяниб, Anadolu нашри хабар берди.
Ямандаги нашрлар хабар беришича, ичига 600 тонна атрофида цемент юкланган “Ал-Жилани” номли кема Сокотра архипелагидан 30 денгиз миляси узоқликда чўкиб кетган. Ҳодиса сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
Кема Бирлашган Араб Амирликлари портларидан йўлга чиққани айтилган. У катта ҳажмдаги цемент юкларини хорижий ҳарбий базалар томон олиб кетаётган бўлган.
Кема чўкиши оқибатида экипажнинг 1 нафар аъзоси ҳалок бўлган. 8 киши қутқариб олинган.
Ҳиндистоннинг “Ал-Жилани” номли кемаси Сокотра архипелагидан 30 денгиз миля узоқликда 600 тонна цемент юкини олиб бораётганда чўкиб кетди, — дея хабар берган Сокотрадаги Соҳил хавфсизлик кучлари раҳбари Саид Ал-Асмаҳий.
Ҳиндистон расмийлари воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Расмийлар кема ҳалокати сабабларини аниқлаш юзасидан текширув олиб борилаётганини билдирган.
Изоҳ (0)