OpenAI компанияси ChatGPT Plus обуначилари учун GPT-4о моделини қайта ишга туширганини маълум қилди. Бунга жорий йил 7 августда тақдим этилган янги GPT-5 моделига фойдаланувчиларнинг кескин салбий муносабати сабаб бўлди. Дастлаб “барча версиялар имкониятларини бирлаштирган универсал модел” сифатида таништирилган GPT-5 ишга тушгач, бир қатор жиддий техник муаммолар юзага келган.

GPT-5 нинг асосий янгилиги сифатида тақдим этилган реал вақт режимида ишловчи автоматик йўналтириш тизими носоз ишлаган. Унга кўра, тизим оддий саволлар учун тезкор режимдан фойдаланиши, мураккаб вазифаларни эса чуқур таҳлил орқали ҳал қилиши лозим эди. Фойдаланувчи созламаларни қўлда ўзгартириши шарт эмас, балки алгоритмнинг ўзи керакли ҳисоблаш даражасини белгилаши керак эди.
Аммо GPT-5 ишга тушганнинг илк соатлариданоқ носозликлар сони ортиб борди. OpenAI бош директори Сем Алтман АМА платформасида бу ҳолатни тасдиқлаб, шундай деди:
“Автоматик йўналтириш тизими ишламай қолди, шу сабабли GPT-5 фойдаланувчиларга анча суст ва ноаниқ жавоб қайтарди”.
Тақдимот давомида яна бир хато юз берди: жонли эфирда намойиш этилган диаграммада SWE-bench Verified тест натижалари нотўғри кўрсатилиб, GPT-5 имкониятлари ҳаддан ташқари бўрттириб юборилгани аниқланди. Алтман кейинчалик ижтимоий тармоқ Х даги постида буни “чартлар бўйича энг катта хатолик” деб атади.
Танқидлар ортидан OpenAI бир нечта чораларни кўрмоқда. Компания эндиликда фойдаланувчилар сўровларига қайси модел жавоб бериш жараёни янада шаффоф бўлишини ваъда қилмоқда. Алтманнинг сўзларига кўра, “қарор қабул қилиш тизими” такомиллаштирилмоқда, шунда фойдаланувчилар сўровларига тезкор ва энг мос модел жавоб беради.
“Биз тизимни такомиллаштириш устида ишлашни давом эттирамиз ва фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга оламиз”, деди Алтман якуний сўзида.
Изоҳ (0)