Фаластин раҳбарияти АҚШ президенти Дональд Трамп, Саудия Арабистони ва минтақадаги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда тинчликка эришиш йўлида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси ўринбосари Мажед Бамия БМТ Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги вазиятга бағишланган мажлисида маълум қилган.

“Биз президент Трамп, Саудия Арабистони ва минтақадаги ҳамкорларимиз билан тинчликка эришиш учун ҳамкорлик қилмоқдамиз. Тинчликка эришишнинг йўли икки давлат тамойили асосида ҳал этишдир. 1967 йил чегараларида мустақил Фаластин давлати ташкил этилмаса, можарони ҳал қилишнинг имкони йўқ. Биз ўз мустақил давлатимизни барпо этишга ҳақлимиз ва халқимизнинг кўчирилишини қатъиян рад этамиз”, деди дипломат.
“Биз Яқин Шарқда тинчлик ва адолат қарор топишини истаймиз. Исроилнинг хавфсизлиги фаластинликларнинг қони эвазига таъминланмаслиги ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш зарур”, дея таъкидлаган Бамия.
Дипломатнинг айтишича, БМТ резолюцияларини бажариш ва Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш лозим.
“Ғазо секторида Фаластин ҳукумати халқаро қўллаб-қувватлаш билан фаолият юритиши керак, Исроил эса бунга тўсқинлик қилмоқда”, дея хулоса қилди у.
18 март куни Исроил армияси Ғазо секторида жорий йилнинг январь ойида ўрнатилган ўт очишни тўхтатиш режимини бекор қилиб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлади. Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигидаги бир неча босқичли музокаралардан сўнг можаро томонлари янги келишув шартларини келишиб ололмади. 24 июнь куни Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал-Соний Исроил ва ҲАМАС вакиллари яқин кунларда можарони ҳал қилиш бўйича билвосита музокаралар ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.
Изоҳ (0)