АҚШ давлат департаменти 16 август куни ғазоликларга виза бериш тўхтатилганини эълон қилди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Таъкидланишича, давлат департаменти ҳам, давлат котиби Марко Рубио ҳам бу қарорга нима сабаб бўлгани ҳақида изоҳ бермаяпти.
“Ғазодан келувчилар учун виза бериш жараёни тўлиқ ва батафсил қайта кўриб чиқилаётганлиги сабабли тўхтатилади. Бу сўнгги кунларда берилган тиббий-гуманитар мақсадли визалар жараёни бўйича текширувни ҳам ўз ичига олади”, дейилади департамент баёнотида.
Трамп маъмурияти июнь ойидан бошлаб, виза бериш жараёнини мураккаблаштирган эди. Эндиликда ҳар бир мурожаатчининг ижтимоий тармоқлардаги “онлайн фаолияти” ҳам батафсил кўриб чиқилиши шарт қилиб қўйилган. Департамент ўша пайтда “ҳар бир виза — бу миллий хавфсизлик қарори” эканини, АҚШ манфаатларига зарар етказиш эҳтимоли бўлган шахсларнинг мамлакатга киришига йўл қўйилмаслигини таъкидлаганди.
Бу каби чоралар бошқа бир нечта давлатларда ҳам кузатилмоқда. Франция ташқи ишлар вазири Жан Ноэл Барро август ойи бошида Ғазодан эвакуацияларни тўхтатганини маълум қилган. Бунга сабаб, мамлакатдаги фаластинлик талабаларидан бири интернетда Адольф Гитлернинг суратини жойлаб, яҳудийларни ўлдиришга даъват қилувчи постни улашгани бўлган. Вазир вазиятга муносабат билдириб, у талабага Францияда жой йўқ эканини айтган. Кейинчалик талаба Нур Аттааллаҳ Францияни тарк этиб, Қатарга кетгани хабар қилинган.
Шунингдек, Reuters агентлигининг Фаластин марказий статистика бюроси маълумотларига таяниб хабар беришича, 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ғазо аҳолиси 2023 йил октябрь ойида бошланган Исроил-ҲАМАС урушидан буён 6 фоизга камайган. Бу рақамга тахминан 100 минг нафар Ғазодан қочиб чиққан фаластинликлар ҳам киради.
Изоҳ (0)