Исроил қўшинлари 17 июнь куни Ғазо ёрдам марказларида камида 70 нафар фаластинликни танк снарядлари, пулемётлар ва дронлардан ўққа тутиб, ўлдирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Ҳодиса оқибатида яна юзлаб одамлар жароҳатлангани айтилган. Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган Ғазо гуманитар жамғармаси (ҒГЖ)да уч ҳафтадирки, аҳоли қирғини тўхтатгани йўқ.
Қурбонлар сони ортиши кутилмоқда, чунки жабрланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда, деб хабар бермоқда Носир шифохонаси шифокорлари. Ғазо фуқаролик мудофааси вакили Маҳмуд Бассалнинг қўшимча қилишича, 200 дан ортиқ одам жароҳатланган, бироқ қурбонлар сони ҳақидаги маълумотлар турлича.
“Исроил дронлари фуқароларга қарата ўт очди. Бир неча дақиқадан сўнг танклар снарядлар отишни бошлади. Оқибатда кўплаб қурбонлар қайд этилди”, дейилган баёнотда.
16 июнь куни Хон Юнус жанубидаги Рафаҳ ҳудудида 38 киши ҳалок бўлганди. Маълумотларга кўра, 26 май куни Ғазода операцияларни бошлаганидан бери ҒГЖдан ёрдам олишга уринган 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлган ва 2 000 дан ортиқ киши яраланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антонио Гутерриш сўнгги қотилликлардан кейин ҒГЖни жавобгарликка чақирган. Ҳодисада омон қолганлар даҳшатли манзараларни тасвирлаб берган.
“Ўнлаб тинч аҳоли, жумладан, болалар ҳалок бўлди. Ҳеч ким ёрдам бера олмади ёки ҳаётларини сақлаб қола олмади”, деди 38 ёшли тирик қолган Саид Абу Либа.
Воқеани “қирғин” деб атаган Юсуф Нофалнинг айтишича, у ерда қимирламай ётган ва қонга беланган кўплаб одамларни кўрган. Аскарлар қочаётган одамларга қарата ўқ узишда давом этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 17 июнь куни ўзининг бир нечта ишлайдиган шифохоналарини сақлаб қолиш учун Ғазога ёқилғи киритишни сўраб мурожаат қилган.
“100 кундан ортиқ вақт давомида Ғазога ёқилғи кирмади ва эвакуация зоналаридан захираларни олиб чиқишга уринишлар рад этилди”, деди ЖССТнинг Фаластин ҳудудларидаги вакили Рик Пееперкорн.
Унга кўра, Ғазодаги 36 та шифохонадан атиги 17 таси ҳозирда қисман ишлайди. Уларда жами 1 500 га яқин ўрин бор — бу Исроилнинг Ғазога қарши уруши бошланишидан олдинги кўрсаткичдан тахминан 45 фоизга кам.
Изоҳ (0)