Исроил армияси ва хавфсизлик кучлари фаластинлик болаларга нисбатан муносабати учун БМТнинг “қора рўйхати”га киритилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Мазкур қарор 2024 йилда фаластинлик болаларга қарши содир этилган 7 188 та ҳуқуқбузарлик асосида қабул қилинган. Исроил болаларга нисбатан оғир ҳуқуқбузарликлар содир этаётган томон сифатида қайд этилган. Ҳисоботда яҳудий кучлари “болаларни ўлдирувчи ва майиб қилувчи”, шунингдек “мактаб ҳамда/ёки шифохоналарга ҳужум қилувчи” томон сифатида тилга олинган.
2024 йил болаларга қарши содир этилган оғир ҳуқуқбузарликлар сони бўйича рекорд йил бўлди. Жами 41 370 та ҳолат қайд этилган. Ҳисоботда 22 495 нафар бола ўлдириш, тан жароҳати етказиш, зўрлаш ва қуролли ҳаракатларга мажбурлаш каби жиноятлардан жабр кўргани таъкидланган. Бундай ҳолатлар сони кетма-кет учинчи йил ортиб бормоқда.
Болаларга нисбатан 2024 йилда энг кўп ҳуқуқбузарликлар қайд этилган ҳудудлар қаторига Ғазо сектори, Исроил ва босиб олинган Фаластин ерларидан ташқари, Конго Демократик республикаси, Сомали, Нигерия ва Гаити киради.
БМТ ҳисоботида таъкидланишича, 2023 йил давомида Исроил ва босиб олинган Фаластин ҳудудларида 2 959 нафар болага қарши жами 8 554 та оғир ҳуқуқбузарлик содир этилган. Исроил кучлари томонидан 951 нафар фаластинлик бола ҳибсга олингани қайд этилган: 602 нафари Ғарбий Соҳилда, 259 нафари Шарқий Қуддусда, 90 нафари Ғазо секторида. 11 нафар қиз боланинг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.
Исроил кучлари томонидан болаларга нисбатан содир этилаётган жиддий ҳуқуқбузарликлар, айниқса қурбонлар ва майиб бўлган болалар сони юқорилиги, мактаблар ва шифохоналарга уюштирилган ҳужумлар, шунингдек, бу муассасаларга тегишли ҳимояланган шахсларга нисбатан тажовузлар ҳамда гуманитар ёрдамга тўсиқлар чуқур хавотир уйғотмоқда, дейди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.
У Исроилни бу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка чақирар экан, томонлардан халқаро гуманитар ҳуқуқ ва болаларни ҳимоя қилишга оид нормаларга амал қилишни сўради. У мактаблар ва шифохоналар дахлсизлигини сақлаш, фарқлаш тамойилига риоя қилиш, аҳоли яшайдиган ҳудудларда портловчи қуроллар ва ҳаво ҳужумларидан фойдаланмаслик зарурлигини эслатди.
Изоҳ (0)