Ўзбекистонда жамият ва давлат ўртасида мулоқот йўқлиги кўплаб муаммоларга йўл очган. Бу ҳақда иқтисод фанлари доктори Абдулла Абдуқодиров 16 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Тараққиёт йўлаги ва қадриятлар” китоби тақдимотида фикр билдирди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

“Мулоқот муҳим”
Абдулла Абдуқодиров ўз китобида давлат ва жамият ўртасида мулоқот бўлиши зарурлигига урғу берганини айтди. Олимнинг таъкидлашича, кўплаб муаммолар ушбу масала билан боғлиқ.
“Одамларда: “тадбиркорлик қиляпман, солиқлар тўлаяпман. Нима учун давлатдан қайтиб келаётган нарса мен унга бераётгандан кам, яъни нега кўпроқ давлатга беряпман”, деган савол туғиляпти. Кейин “энди бермай қўя қоламан”, демоқда. Оқибатда жамият кўпроқ қора иқтисодиётга ўтиб кетяпти, ўз даромадини кўрсатмасликка уриняпти. Бу нимадан далолат беради? Жамият билан давлат ўртасида мулоқот йўқ”, деди Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи муовини.
-DglwYlTT.avif)
“Ижтимоий шартнома керак”
Иқтисодчи қатор масалалар, хусусан давлат билан жамият ўртасида ижтимоий шартнома бўлиши зарурлигига тўхталди. Олим фикрча, шундагина катта ўзгаришлар юз бериши мумкин.
-EpOsSH92.avif)
“Кўпинча баъзилар билан суҳбатлашсанг: “энди, тепдагилар шунақада”, “тепа шундай дегандан кейин сен нима қила оласан”, деган баҳона билан секин ўзидан масъулиятни соқит қилиб юборади. Мен айтаманки, номард, сен сайловга чиқиб, бирорта депутатни танладингми ўзинг? Уни чақириб бир сўрадингми, дастури қанақа, нима таклиф қилмоқчи? У депутатдан: “сен мана бунақа ваъда берган эдинг, ваъдангни бажармадинг. Нима учун бажармаяпсан”, деб саволга тутдингми? Сўровингга жавоб бермаса, буни қаердадир кўтардингми, гапирдингми? Яъни бугунги кунги фуқаролик жамиятида бизнинг имкониятларимиз катта, лекин фойдаланмаймиз. Айтамизки: “э, энди шунақада”. Ундай ўйламанглар, тепадан кимдир келиб сизнинг бахтингизни яратиб бермайди. Бахт учун курашиш ўзимизнинг қўлимизда. Бахтимизни яратадиган ҳам ўзимиз”, дейди фан доктори.
Абдулла Абдуқодиров фикрини давом эттирар экан, китобнинг асосий тезиси қадриятлар билан боғлиқ эканига тўхталди.
“Қадриятларни эсдан чиқармасангиз ва улар учун курашсангиз, ана ўшандагина қандайдир жамиятни қуришингиз мумкин. Бўлмаса, юраверасиз. Тараққиётнинг йўлаги у ёққа тортади, бу ёққа тортади. Тарихий йўл ва қадриятлар бир, шунинг учун курашинг. Мана шунинг номини мен ижтимоий шартнома деб атайман. Яъни давлат билан жамият ўртасида ижтимоий шартнома бўлиши керак”, деди таҳлилчи.
-7gavvVIX.avif)
“Давлат иш ўрни яратмаслиги керак”
Иқтисодчи фикрича, давлат аҳолига иш ўринлари яратиши тўғри эмас. Бу масала билан хусусий сектор шуғулланиши лозим.
“Давлатнинг вазифаси иш ўринлари яратиш эмас. Давлат энг ёмон, энг қиммат иш ўринлари яратади. Энг коррупцион иш ўринлари яратади. Шунинг учун бу ишни тадбиркорликка қўйиб бериш керак. Давлатнинг иши тадбиркорликка рағбат беришдир. Бизда давлат иш ўрни яратиши керак деган нотўғри мақсадлар бор. Ва улар баъзан стратегик мақсадлар деб айтилади. Бу нотўғри ижтимоий шартноманинг мақсадларидир. Жамият бунга келиша олмайди. Чунки булар жамиятдан сўралмаган мақсадлар. Жамият билан маслаҳатлашилмай қилинган мақсадлар”, деди олим.

Тақдимот иштирокчиларидан бири, иқтисодчи Отабек Бакиров китобда мустақилликнинг дастлабки 25 йилида қандай хатоларга йўл қўйилгани очиқ-ойдин ёзилганини олқишлади. Яқин тарихдаги хатоларни англаган ҳолда бугун ва келажакда уларга йўл қўймаслик муҳилигини таъкидлади.
Изоҳ (0)