Фарғона вилоятида “Қорадори-2025” тезкор-профилактик тадбирлари давом эттирилмоқда, деб хабар берди ИИВ.
Маълум қилинишича, Данғара туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Хонадон томорқасида 55 минг тупдан ортиқ кўкнори ва 40 дан ортиқ наша ўсимлигини ўстираётгани аниқланди.
Шунингдек, уй болохонасида 600 граммдан ортиқ қуритилган наша гиёҳвандлик моддасини сақлаётгани фош этилди.
Олинган тезкор маълумотга асосан, Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбир давомида “Табассум” маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс ўз хонадонида 10 кг 960 грамм “опий”, 10 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланди.
Гиёҳванд моддалар савдоси
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек—қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, шунингдек, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Изоҳ (0)