Ҳип-ҳоп дунё бўйича энг оммабоп мусиқий жанрлардан бири ҳисобланади. Бу жанр аллақачон глобал маданиятга айланган — миллиардлаб стримлар, тўлиб тошган стадионлар ва чексиз мухлисларни йиға олган куч. Мақолада ушбу жанрнинг энг етакчи юлдузларидан иборат, энг кўп тингланган бешлик жамланди.

50 Cent — 40 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзувлар

50 Cent ҳеч қачон ўзига сунъий имиж яратмаган. У ўз ҳаёти билан афсонага айланган. Уни шунчаки реклама эмас, балки Нью Йорк кўчалари, наркотиклар, отишмалар ва юзига тегган ўқ шакллантирган.
Get Rich or Die Tryin (2003) — оддий дебют эмас, бу маданиятга урғу берган ижро эди. Dr.Drе ва Эминем ёрдамида яратилган In Da Club бутун дунёда жаранглади. Альбом 12 миллиондан ортиқ сотилди ва 50 Cent’ни ўз даврининг энг кучли рэперларидан бирига айлантирди
Кейинги альбоми Тgе Маsсаrе (2005) эса 11 миллионта сотилди. Аммо у нафақат рэпер, балки бизнесмен ҳам. У Power сериалига продюссерлик қилди ва ҳақиқий медиа императорига айланди.
Бугунги кунда 50 Cent дунё бўйлаб 40 миллиондан ортиқ аудиоёзув сотган. Энди у оддий юлдуз эмас — у бутун бир давр рамзига айланган.
Jay-Z — 55 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзувлар

Jay-Z — рэпни стратегияга айлантирган инсон. Шон Картер карьерасини оддий йўлдан бошлаган — CD дисклар сотган, чунки ҳеч бир лейбл унга ишонмаган. Бугун эса у — биринчи миллиард долларлик бойликка эришган рэп артисти, Ros Nation компанияси эгаси, Аrmand de Brignas шампанлари, Uber ва бошқа йирик лойиҳаларга инвестор ҳамда 13 та платина альбом муаллифи.
Унинг илк альбоми — Reasanable Doubt (1996) — оғир ҳаёт ҳақида айтилган ижро эди. У ўз мусиқасида ҳаётни чуқур англашга ҳаракат қилди. Jay-Z ҳар янги альбомда янада кучли ва доно бўлиб борди.
Jay-Z’нинг услуби ўзгача: бир жумлада у наркотик савдоси ҳақида гапирса, кейингисида фалсафий фикрлар келтиради. Айнан шу жиҳати уни бошқалардан ажратиб туради.
2001 йилда чиқарган Тhе Blueprint альбоми — рэп оламида ҳақиқий маҳорат намунаси бўлди. Тhе Black альбоми эса хайрлашув бўлиши керак эди, лекин аслида янги даврни бошлаб берди.
Бугунги кунда Jay-Z:
• 55 миллиондан ортиқ аудиоёзув сотган
• Тирик афсонага айланган
• 2021 йилда Рок-н-ролл шон-шуҳрат залига киритилган биринчи тирик рэпер бўлган
Eazy-E — 60 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзувлар

Эрик “Eazy-E” Райт — гангста-рэпнинг пойдеворига биринчи ғиштларни қўйган инсон. Бўйи кичик бўлса-да, обрўси баланд эди. Айнан Eazy-E N.W.А гуруҳини тузди. Бу гуруҳ рэп тарихида биринчи бўлиб цензурасиз ҳақиқатни айтишга журъат қилди.
Юқори ва кескин оҳангдаги овози унинг қуроли эди. Eazy-E’нинг қўшиқларида романтика йўқ эди. Унинг қўшиқлари одамни тинглашга мажбур қиларди.
Рэпернинг Eazy-Duz-It (1988) номли альбоми илк катта ютуғи бўлди. Кейинчалик Straight Outta Compton альбомидаги иштироки уни бутун мамлакатга танитди.
Аниқ рақамлар сир бўлиб қолган, аммо умумий ҳисобда Eazy-E дунё бўйлаб 60 миллионга яқин аудиоёзув сотган деб тахмин қилинади. У нафақат ижодкор, балки бизнесмен ҳам эди. У Ruthless Records лейблини бошқарган, Bone Тhugs-Н-Harmony каби гуруҳларнинг карьерасини йўлга қўйган.
Eazy-E 1995 йилда ОИВ билан боғлиқ асоратлардан вафот этди. Бу ўша давр рэп саҳнаси учун катта зарба бўлди. Чунки бу каби мавзулар ҳақида у пайтларда очиқ гапирилмасди. Аммо орадан деярли 30 йил ўтса ҳам, Eazy-E овози ҳануз жаранглайди.
2Pac— 75 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзувлар

Тупак Амару Шакур шунчаки рэпер эмас. Бу — дард, ғазаб ва адолатсизлик ҳақида ҳайқирган овоз. У кроссовкада микрофон билан чиққан Мартин Лютер Кинг эди.
У сиёсий фаоллар оиласида туғилган, ўсмирлигида Шекспирни ўқиган, актёрлик маҳоратини ўрганган, аммо ўзининг асосий “қуроли” сифатида рэпни танлаган. У ирқчилик, полиция зўравонлиги, қашшоқлик, хиёнат ва, албатта, муҳаббат ҳақида ёзган. Brenda’s Got а Baby, Changes, Keep Ya Head Up — бу шунчаки қўшиқлар эмас, бу қора танли Америкадаги ХХ аср охирининг ҳаётий тарихи эди.
Унинг Аll Eaz On Ме (1996) альбоми тарихий воқеага айланди. Бу ҳип-ҳопдаги биринчи икки дискли альбом бўлиб, дарҳол платинавий мақомга эга бўлди. АҚШда у 5,8 миллиондан ортиқ нусхада сотилди. Бу орада Тупакнинг ҳаёти қамоқ, отишмалар ва полиция билан тўқнашувлар ўртасида ўтган. У худди вақти оз қолганини билгандек, тез ижод қиларди.
У атиги 25 ёшида Лас-Вегасдаги отишмада ҳалок бўлди. Бу воқеанинг расмий сабаблари ҳанузгача аниқланмаган. Аммо унинг ўлими ижодини тўхтатмади. Вафотидан кейин чиққан Тhе Don KilluminatiL The 7 Day Theory, Until The End of Time ва бошқа (вафотдан кейинги) альбомлари ҳар бири воқеа сифатида қарши олинди.
Эминем — 220 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзувлар

Агар ҳип-ҳоп — кўчалар овози бўлса, унда Эминем бу овозни бутун дунёга етказган рэпер. Унинг тўлиқ исми Маршалл Брюс Метерс III, у Детройт шаҳрининг энг қашшоқ кўчасида улғайган. Рэпер оқ танли йигит сифатида қора танли ҳудудларда тазйиқларга учраган. Аммо у шунчаки омон қолмади — у дунёдаги энг машҳур рэперга айланди. Бу муболаға эмас: 220 миллиондан ортиқ сотилган аудиоёзув ҳип-ҳоп тарихидаги мутлақ рекорд бўлди. У бутун мусиқий тарихдаги энг кўп аудиоёзуви сотилган 10 санъаткор қаторига киради — Тhе Beatles, Майкл Жексон ва Элвис Пресли билан бир қаторда.
2000 йилда чиққан Тhе Маршалл Меters LP бутун рэп саноатини ларзага солди. Альбом 25 миллиондан ортиқ нусхада сотилди ва АҚШ тарихидаги энг тез сотилган рэп альбоми бўлди. Бу санъатнинг нишони эди: шафқатсиз, самимий, баъзида шок ҳолатига туширадиган даражада. Эминем ҳеч кимнинг асарига ўхшатмасдан ёзар эди — филтрсиз, оғриқ, сарказм билан.
Эминем шунчаки рэпер эмас, балки сўз устаси. 2015 йилда, Rap God трекида у 6 дақиқа 4 сонияда 1560 та сўз айтиб, дунё рекордини ўрнатди — бу ҳар сонияда 4,28 та сўз дегани. Бу шунчаки рэп эмас — бу сўзлар орқали математик санъат.
У 15 та “Грeмми” мукофоти, “Оскар” ва Billboard томонидан берилган “Ўн йиллик санъаткор” унвонига эга ҳип-ҳоп ижрочиси. Унинг таъсири мусиқадан анча узоққа бориб етган — у депрессия, гиёҳвандлик ва ўз-ўзини цензура қилишга қарши кураш рамзига айланган. Уни подваллардаги безорилар ҳам, Гарвард профессорлари ҳам тинглайди — ҳатто Гарвардда унинг шеърияти ҳақида маърузалар ҳам ўқилган. Эминем ҳип-ҳопни ертўладан “Оскар” саҳнасига олиб чиққан ижодкор ҳисобланади.
Изоҳ (0)