Тожикистондан Ўзбекистонга 16 кило гиёҳвандлик воситаси келтирган шахс 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

2024 йилнинг 12 ноябрь куни ДХХ ходимлари томонидан Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Поп тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Lacetti тўхтатилиб, текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро юк сумкасида 3 кило 887 грамм опий ва 9 килограмм 839 грамм гашиш моддалари топилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, у Тожикистон фуқароси билан ўзаро тил бириктириб, қўшни давлатдан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиш ҳамда сотиб, даромад топишни режалаштиргани ва бу гиёҳванд моддани Тошкент вилоятининг Бўка туманида қабул қилиб олгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилиб, 2024 йилнинг август—сентябрь ойларида тожикистонлик наркосавдогар томонидан Бўка туманига етказиб берилган ва мазкур шахс қабул қилиб олиб, Данғара туманида жойлашган ўзига тегишли ер участкасига яшириб қўйган 1 кило 902 грамм опий ва 857 грамм гашиш моддалари ҳамда 1 дона “Макаров” пистолети, 2 дона ўқдон ва 18 дона патрон ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди томонидан 2025 йил 5 май куни мазкур фуқаро Жиноят кодексининг 28,246-моддасининг (контрабанда) 1- ва 2-қисмларида ҳамда 25,273-моддасининг (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)