Покистонда 2 июнь куни ер силкиниши ортидан 200 дан ортиқ маҳбус қамоқхонадан қочиб кетди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Маҳбуслар Малир қамоқхонасида жазо ўтаётган бўлган. Уларга зилзила сабабли камераларини тарк этишга рухсат берилган. Бироқ тартибсизликлардан фойдаланиб, айрим маҳбуслар қочиб кетган.
Бу вақтда 600 дан ортиқ одам камерадан ташқарида бўлган. Тартибсизлик туфайли улардан 216 нафари асосий дарвозадан қочишга муваффақ бўлди, дейди қамоқхона бошлиғи Аршад Шоҳ.
У қочганларнинг 80 га яқини аллақачон қўлга олингани, қолганларини қидириш давом этаётганини айтган. Синд вилояти ички ишлар раҳбари Зиё ул-Ҳасан Ланжар бу мамлакатдаги қамоқхоналардан сўнгги йиллардаги энг йирик қочиш эканини таъкидлаган. Барча қочқинларнинг шахси аниқланган. Ҳозирда уларнинг қариндошлари яшайдиган жойлар ва уларга туташ ҳудудларда рейдлар ўтказилмоқда.
Вилоят полицияси бошлиғи Ғулом Наби Мемоннинг айтишича, маҳбусларнинг аксарияти гиёҳвандлик каби кичик жиноятларда айбланган.
Майда жиноятлар бўйича айбловлар терроризм каби катта ишга айланади, дейди Аршад Шоҳ.
Geo News хабарига кўра, ҳодиса чоғида чегара корпусининг уч ходими ва бир қамоқхона ходими яраланган, бир маҳбус ҳалок бўлган. Муассаса маъмурияти воқеа содир бўлган вақтда қамоқхонада 6 022 нафар маҳбус бўлганини айтмоқда.
Изоҳ (0)