“Надомат” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши бўлган Абдусамад 25 ёшда, айни ўқиб-ўрганадиган ёки ишлаб жамият ривожи учун ҳисса қўшиши керак бўлган ёшда у Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий тиббий марказининг наркология ва токсикомания бўлимида даволанмоқда.
“Онам қорнида шаклланган қарамлик”
— Тўлиқ оилада дунёга келган ёлғиз ўғил фарзандман. Ота-онам зиёли инсонлар бўлгани учун опам иккимизнинг таълим олишимизга ҳам етарли шароитларни яратиб беришган.

Мен туғилмасимдан аввал отам героин истеъмолига берилган экан. Аммо кейинчалик қарамликдан қутулган. Тўққиз йилдан буён қарамлик билан курашаётганим учун бу ҳақида кўп ўйлайман. Балки гиёҳванд воситаларига бўлган қарамлик она қорнидалигимдаёқ пайдо бўлгандир. Болалигим жуда яхши ўтган, ҳамма қатори ўйнаб-куладиган бола бўлганман. Ҳаммаси мактабни тамомлаб, академик лицейга ўқишга кирганимдан кейин бошланди. Ён-атрофимдаги катта ёшдаги болалар психотроп дориларни истеъмол қилишарди. Шунчаки қизиқишдан мен ҳам ичиб кўрдим ва бу ҳаёт тарзимга айланиб қолди.
“Чинакам гиёҳвандга айландим”
— Ота-онам менга ишонишарди, чунки у кунгача хулқимда бирорта ўзгариш сезишмагани учун уйга кеч келсам ҳам индашмасди. Маҳалламиздаги жуда кўп катта ёшдаги болалар бундай дориларни истеъмол қилишарди ва бошқалар уларга ҳавас билан қарарди. Улар “блатной” ва ҳамма улардан қўрқади, деб ҳисоблардик.

Уч йил академик лицейда ўқиётган вақтим хилма-хил психотроп дориларни истеъмол қилдим. Бу жараён тахминан 3 йил давом этди. Кейин Москва шаҳрига ўқишга кетдим. Бегона муҳит бўлгани учун бу зарарли одатлардан бир муддат қутулдим. Аммо орада карантин бўлди ва Тошкентга қайтиб келишга мажбур бўлдим. Яна ўша эски таниш-билишлар сабаб қарамлигим янада ортиб кетди. Тўғрироғи, энди чинакамига гиёҳвандга айланиб қолдим.
“Ҳаммасидан чарчадим...”

— Шунда ҳам ота-онамнинг ишончини йўқотганим йўқ, улар тадбиркорлик билан шуғулланишим учун маблағ беришди. Иш бошладим, ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Аввалига фақат кечки пайт уларни истеъмол қилиб, ҳузур олардим. Шундай вақтлар келдики, дўстларим билан бир кечада 200-300 АҚШ долларига гиёҳвандлик воситаларини сотиб олиб, истеъмол қиладиган бўлдик. Бизнесим касодга учради, энг ёмони, тан бутунлай чарчади. Келажагимни кўролмаганимдан кейин яқинларимдан ёрдам сўрадим. Улар мени даволатишга ётқизишди.
“Одамларнинг ишончини йўқотдим”

— Даволанишга ётгандан кейин жуда кўп нарсаларни тушуниб етдим. Аслида мен ҳеч нарсага эришганим йўқ, лекин жуда кўп нарсаларни йўқотдим. Одамлар менга ишонмайди, ўзини олиб қочади, “У гиёҳванд, дўст бўлсам, мен ҳам шундай бўлиб қоламан”, деб қўрқишади. 25 ёшдаман, аммо оила қурганим йўқ. Яқинда онамга “Балки уйлансам, ҳаммаси изига тушиб кетар”, дедим. Аммо “Онам бир ота-онанинг қизини бахтсиз қилсанг-чи”, деди. Мен руҳий касалман ва яна қарамликка таслим бўлишдан қўрқаман.
Ота-оналарга тавсиям, фарзандлари билан кўпроқ яқин бўлишсин. “Еб-ичирсам бўлди, болам тинч юради”, деб ўйлашмасин. Ҳар қандай зарарли одатнинг бош сабаби бекорчилик ҳисобланади. Агар менга ҳам ўз вақтида “тинч бўлсанг бўлди”, дейишмаганида ва спорт билан шуғулланганимда, бугун афсус қилмаган бўлардим.
YouTube’даги “Дарё медиа” каналида интервьюни тўлиқ ҳолда томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)