Бухорода сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига чек қўйилгани маълум қилинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони ҳамда унга алоқадор бўлган автотранспорт воситаси кўздан кечирилганда, “Имудон”, “Serebroлизин”, “Дофамин”, “Маалокс” каби жами 78 номдаги 978 қути сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида Бухоро шаҳрида яшовчи, 1962 йилда туғилган шахс унинг жиноий шериги экани аниқланди. “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” ДМ хулосасига кўра ушбу дори воситаларининг 32 номдагиси давлат реестрида қайд этилмагани, 57 номдагисига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмагани, 6 номдагиси сифатсизлиги ҳамда 4 номдагиси қалбакилаштирилгани, шунингдек, сақлаш шароитларига амал қилинмагани сабабли уларни сотиш, сақлаш ва амалиётда қўллаш тақиқланади.
Ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 25,186 прим 3-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, агар ушбу дори воситалари тўхтатиб қолинмаганида, улар Бухоро шаҳри, Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги дорихоналар орқали сотувга чиқиб кетган бўлар эди.
Май ойининг охирларида Фарғонада сифати кафолатланмаган 8 миллиард сўмлик дорилар савдога чиқарилишининг олди олинганди. Ўзбекистонга сифати кафолатланмаган 5,3 миллиард сўмлик дори воситаларини ноқонуний олиб кирган шахсларга жиноят иши қўзғатилганди.
2025 йилнинг ўтган даври давомида олиб борилган ўрганишларда 225 та дорихонада 62 704 та ҳолатда дори воситаларнинг савдоси бўйича 2,6 миллиард сўм асоссиз даромад олингани аниқланди ҳамда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Изоҳ (0)