Тошкент шаҳрида 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.

Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташаббуси билан ўтказилган тадбирда соҳага масъул давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, БМТ, Евроиттифоқ вакиллари иштирок этди.
-EDdH7-KK.avif)
Учрашувда гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатлари тўғрисида сўз борди. Муаммони жамоатчиликка етказиш орқали аҳоли, айниқса, ёшларда наркотикларга қарши иммунитетни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

“Ҳаётида хато қилган инсонларни жавобгарликка тортиш эмас, балки ушбу қилмишларини содир этишга сабаб бўлган омиллар бартараф этиш муҳим. Бугун ёшларда наркожиноятларга нисбатан тоқатсиз муносабатни шаклантириш зарур”, деди Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов.

Тадбирда БМТ вакили Саломе Флорес маъруза қилиб, дунёдаги нарковазият ҳақида гапирди.
“Бугун жаҳонда 300 миллион киши гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қиляпти. Қурбонлар сони эса бир йилда 600 минг нафардан ошмоқда”, деди эксперт.

Мулоқот давомида бу муаммо кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонни ҳам ташвишга солаётгани таъкидланди. Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда республикада наркожиноятлар сони қарийб икки бараварга ортган.

Ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси эса 8,5 бараварга кўпайган. Шу билан бирга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси 80 бараварга кўпайган.

Бу каби кўрсаткичлар гиёҳвандлик муаммосининг нафақат кенгайиб бораётгани, балки турли ижтимоий қатламларга, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар орасига ҳам кириб бораётганини кўрсатмоқда.

Мутахассислар фикрича, мазкур тенденцияга қарши курашишда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, бутун жамият – оила, таълим муассасалари, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтлари бирлашган ҳолда ҳаракат қилишлари зарур.
-jrwbFBKn.avif)
Тадбирда ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва прекурсорларнинг йўқ қилиш маросими онлайн тарзда намойиш этилди.

Тадбирда Давлат хавфсизлик хизмати вакили сўзга чиқиб, маросимда жами 2 тонна 135 кило гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинганини айтди.

Қайд этилишича, шундан 613 кило каннабис, 415 кило гашиш, 395 килоси марихуана, 202 кило опий, 153 кило кўкнор бошоғи ва сомони, 99 кило героин ва бошқа наркотик моддалар ёқиб юборилди.

Тадбирда гиёҳвандлик воситаларига бўлган тобеликдан даволаниб чиққан ҳамда наркожиноят учун жазони ўтаб келган фуқароларга сўз берилди. Наркотиклар чангалидан қутулиб, янги ҳаётни бошлаган ушбу шахслар рамзий тугмани босиб, гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш жараёнига старт берди.

Тадбир доирасида “Биз ҳаётни танлаймиз!” шиори остида ўтказилган видеороликлар ҳамда “Санъат гиёҳвандликка қарши” шиори остида ўтказилган расмлар танловлари совриндорлари тақдирланди. Ёш рассомлар асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Шу билан бирга, режиссёр Элжон Аббосов томонидан тасвирга олинган “Мутлақ ёвузлик” номли ҳужжатли фильмнинг қисқа ролиги (тизери) меҳмонларга намойиш этилди. Фильмнинг премераси яқин кунларда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)