Гананинг Ашанти вилоятида 6 август куни ҳарбий вертолёт қулаб тушиши оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида икки нафар вазир ҳам бор. Бу ҳақда Pulse Гҳана хабар берди.

Вертолёт Аданси-Акрофуом тумани яқинида радарлардан ғойиб бўлган. Қисқа вақт ичида авария-қутқарув гуруҳлари ҳалокат жойига етиб бориб, ёнаётган қисмларни аниқлаган. Амалдорлар фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва малака оширишга қаратилган дастур доирасида сафарга чиққан бўлган.

Қурбонлар орасида мудофаа вазири Эдвард Оман Боама ҳамда атроф-муҳит, фан ва технологиялар вазири Иброҳим Муртал Муҳаммад ҳам бор. Ҳалок бўлганлар хотирасига мамлакат бўйлаб байроқлар туширилиши эълон қилинган. Айни пайтда воқеа юзасидан фавқулодда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 25 июль куни Қозоғистонда ҳам Мудофаа вазирлигига қарашли вертолёт ҳалокатга учраган эди. Унинг қолдиқлари Сарбулоқ сув омбори яқинида топилган. Бортда бўлган уч нафар экипаж аъзоси ҳозиргача қидирилмоқда.
Шунингдек, 2024 йил май ойида Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам вертолёт ҳалокати оқибатида вафот этган эди. У билан бирга ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ва яна олти киши ҳалок бўлган. Кейинчалик фожиага оғир об-ҳаво шароити сабаб қилиб кўрсатилган.
Изоҳ (0)