Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят содир этганликда гумон қилинган 4 195 нафар шахс ушланган. Бу ҳақда АОКАда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ушбу давр мобайнида 1 тонна 882 килограмм гиёҳвандлик воситалари ҳамда 894 255 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. 15 январь – 15 февраль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” профилактик ойлиги доирасида 50 мингдан зиёд тадбир ташкил этилиб, уларга 2 миллиондан ортиқ фуқаро жалб қилинган. Аҳоли орасида 838 минг донадан ортиқ тарғибот материаллари – буклет ва флаерлар тарқатилган.
Профилактик тадбирлар доирасида 165 998 нафар ўқувчи ва талабалар билан якка тартибда тушунтириш ишлари олиб борилиб, гиёҳвандлик воситаларининг зарарли оқибатлари ҳақида маълумот берилган.
Мазкур ойлик давомида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 801 та ҳолат аниқланган. Улардан 567 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, 158 ҳолатда эса маъмурий чоралар кўрилган. Ноқонуний муомаладан 21,8 килограмм гиёҳвандлик воситалари ҳамда жами 28,8 минг дона ва 26 килограмм миқдорида кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинган.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларининг рекламасига оид 1 323 та “наркограффити” аниқланиб, уларнинг барчаси ўчирилди. Уларни чизган 6 нафар шахс жавобгарликка тортилган.
Ички ишлар органларига олиб келинган шахслардан 266 нафари мажбурий, 235 нафари эса ихтиёрий тарзда даволанишга юборилган. Бундан ташқари, интернет тармоғи орқали наркотик воситалар савдоси билан шуғулланувчи шахсларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари кучайтирилган. Натижада 75 та “закладкачи” билан боғлиқ ҳолатларда жами 99 килограмм 627 грамм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
Гиёҳванд моддалар савдоси
Март ойи ўрталарида ДХХ Чегара қўшинлари ва Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан ноқонуний ўтказилган ҳолати аниқланганди.
Шунингдек, Навоий вилоятида наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ қўлга олингани, Тошкентда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган талабалар ушлангани, шунингдек, Самарқанддаги тунги клубда 10 минг АҚШ доллари эвазига гиёҳванд модда сотишга уринганлар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Апрель ойи охирида Тошкент вилоятида наркокурерлик билан шуғулланган коллеж талабаси ушланганди.
Октябрь ойининг 10 куни давомида гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан (“закладка”) тарқатган ва шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланган 32 нафар шахс ушланган.
Изоҳ (0)