Тошкентда сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситаларининг ноқонуний савдога чиқарилиши олди олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1949 йилда туғилган фуқаро ва унинг 1979 йилда туғилган ўғлининг Олмазор туманидаги яшаш манзили кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этувчи “Тренакса”, “Сумамигрен”, “Фемилекс” каби жами 72 номдаги 3615 қути дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ота-бола мамлакатга ноқонуний олиб келинган бундай дори воситаларини мунтазам равишда водий вилоятларидан арзон нархда харид қилиб, пойтахтдаги мижозларга сотиш билан шуғулланган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасининг хулосасига кўра, ушбу дори воситалари давлат реестрида қайд этилмаган, мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган ҳамда уларни махсус шароитларда сақлашнинг белгиланган қоидаларига амал қилинмаган. Шу сабабли мазкур дори воситаларини сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиётда қўллаш тақиқланади.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳридаги дорихоналардан бирида сотиш учун сақлаб келинаётган, шубҳа уйғотувчи 456 турдаги 57407 дона дори воситалари, 18 турдаги 835 дона дори воситаларининг ясама бўш қутилари ҳамда 1 дона дори тайёрлаш мосламаси мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, дори воситаларининг умумий қиймати 3,5 млрд сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, ушбу дори воситаларининг 160 турдагиси давлат реестрида қайд этилмагани, 274 турдагисига мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани, 50 турдагиси сифатсиз, яроқлилик муддати ўтган ҳамда 7 турдагиси эса қалбакилаштирилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан дорихона мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини ресепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Май ойининг охирларида Фарғонада сифати кафолатланмаган 8 миллиард сўмлик дорилар савдога чиқарилишининг олди олинганди. Ўзбекистонга сифати кафолатланмаган 5,3 миллиард сўмлик дори воситаларини ноқонуний олиб кирган шахсларга жиноят иши қўзғатилганди.
2025 йилнинг ўтган даври давомида олиб борилган ўрганишларда 225 та дорихонада 62 704 та ҳолатда дори воситаларнинг савдоси бўйича 2,6 миллиард сўм асоссиз даромад олингани аниқланди ҳамда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, маблағларни қайтариш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Изоҳ (0)