Янги мавсум арафасида “Манчестер Сити” раҳбарияти жамоага чап қанот ҳимоячиси олиб келиш учун ҳаракат бошлади. “Шаҳарликлар” январь ойида тўртта трансфер амалга оширган бўлса-да, ёзда камида яна шунча янги футболчи билан шартнома имзолашни режалаштирмоқда.

Ўтган мавсум давомида “Сити” жароҳатлар сабаб муаммоларга дуч келди, натижада баъзи футболчилар бошқа позицияларида ўйнашга мажбур бўлди. Чап қанот ҳимоясида Нико ЎРайли, ўнг қанотда эса Матеус Нуньес вақтинча ечим сифатида майдонга туширилди. Бу ҳолат ҳимоя чизиғини янада кучайтиришга сабаб бўлмоқда.
Журналист Фабрицио Романонинг хабарига кўра, “Манчестер Сити” ҳозирда “Вулверҳэмптон” ҳимоячиси Райан Аит-Нури трансферини ўрганиб чиқмоқда. 23 ёшли жазоирлик футболчи “шаҳарликлар”нинг чап қанот ҳимояси учун идеал номзод ҳисобланади.
Аит-Нури 2020 йилдан бери “Вулверҳэмптон” сафига тўп тепади. Унинг шартномаси 2026 йилнинг ёзида якунланади. Бу “Сити” учун уни нисбатан арзон нархда қўлга киритиш имконини яратади.
Футболчи жорий мавсум Англия Премьер Лигаси доирасидаги 37 учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 4 гол ва 7 ассист ёздириб қўйган. Transfermarkt портали Нурининг қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)