Сиз билан, шубҳасиз, бундай ҳолат юз берган: аниқ бир мақсад билан қўшни хонага кирасиз-у, бирдан хона ўртасида туриб қолганингизни ва нима учун кирганингизни эслай олмаганингизни пайқайсиз. Бундай унутувчанликнинг сабаби нимада — тасодифми ёки миямизнинг ғалати хусусиятими?

Бунинг сабаби “эшик таъсири” деб аталувчи ҳодисада яширинган. Унинг моҳияти шундаки, бир хонадан бошқасига ўтишнинг ўзиёқ миямиздаги жорий вазифани “ўчириб ташлаши” мумкин. Бу таъсирни илк бор 2006 йилда Нотрдам университети психологлари чуқур ўрганишган. Уларнинг тажрибаларидан бирида иштирокчилар виртуал муҳитда нарсаларни кўчириши керак эди: улар бир хонадан бошқасига ўтиб, нима олиб ўтаётганини эслаб қолиши лозим эди.
Инсон остонадан ўтиши биланоқ унинг хотирасининг аниқлиги сезиларли даражада пасайиб кетарди. Худди шундай таъсир ҳақиқий ҳаётда ҳам кузатилган.

Бунинг сабаби нимада? Гап хотирамизнинг ишлаш тарзида. Мия ахборотни контекстда, яъни атроф-муҳит, ҳидлар, товушлар ва тана ҳолати билан боғлиқ муайян вазиятда сақлайди. Бошқа жойга ўтганингизда контекст кескин ўзгаради ва мия янги маълумот учун жой очиш мақсадида эски маълумотларни “архивлайди”. Бу, айниқса, “ҳозир ва шу ерда” ҳаракатларини бошқарадиган ишчи хотирага тааллуқли. Эшик ўрни воқеалар ўртасидаги чегарага айланади ва ундан ўтишдан олдин содир бўлган нарсалар бир зумда унутилиши мумкин.

Аммо бу масалада ҳамма нарса бир хил эмас. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, “эшик остонаси эффекти” ҳар доим ҳам намоён бўлавермайди. Олимлар турли шароитларда бир қатор тажрибалар ўтказишди: баъзи иштирокчилар ҳақиқий хоналарда, бошқалари эса виртуал хоналарда юришди. Баъзилари қўшимча топшириқларни бажарди, бошқалари эса йўқ. Маълум бўлишича, унутувчанлик мия ортиқча зўриққанда кучаяди. Тинч шароитда, ортиқча зўриқишсиз хонадан хонага ўтиш хотирага унчалик таъсир қилмайди.
Қизиқ жойи шундаки, шунга ўхшаш эффект нафақат жисмоний ҳаракатланишда, балки бир вазифадан бошқасига ўтишда ҳам кузатилади. Масалан, компьютердаги бир ойнани ёпиб, бошқасини очганингизда тўсатдан нима қилмоқчи бўлганингизни унутиб қўясиз.
Буларнинг барчаси бир хил механизмнинг намоён бўлишидир: мия контекстнинг ўзгаришини янги нарсанинг бошланиши сифатида қабул қилади, эскисини эса, иложи бўлса, унутишга ҳаракат қилади.
Яхши янгилик шундаки, “эшик остонаси эффекти”нинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун оддий “тўхташ — боғлаш — такрорлаш” алгоритмидан фойдаланиш мумкин.
Аввало — тўхташ. Бошқа хонага ўтишдан олдин 10 сония тўхтаб туринг. Бу автоматик ҳаракатларни тўхтатиб, эътиборни керакли ишга қаратиш имконини беради. Кейин — боғланиш. Ўзингизга нима қилмоқчи эканлигингизни айтинг (“Кўзойнагимни оламан”) ва шу заҳоти вазиятни кўз олдингизга келтиринг: кўзойнак қаерда турибди, қандай рангда, уни қандай олаётганингизни. Бу сўз ва тасвирни бир-бирига боғлайди, хотирани янада ёрқинлаштиради. Ниҳоят — такрорлаш. Асаб толалари алоқаларини мустаҳкамлаш учун мақсадингизни уч марта такрорланг. Уни қанчалик аниқ тасаввур қилсангиз, у шунчалик мустаҳкам ўрнашади — ҳатто бошқа хонага бораётганда чалғиган бўлсангиз ҳам.

Бу усул фақат эшиклар учун эмас: уни бирор нарсани унутмаслик керак бўлган ҳар қандай вазиятда қўллаш мумкин — масалан, калитларни қаерга қўйганингиз, музлаткични нима учун очганингиз ёки нима ёзмоқчи бўлганингиз каби ҳолларда. Нутқ, тасвир ва такрорлаш уйғунлигини фаоллаштирсангиз, миянгиз вазият ўзгарганда ҳам мақсадни осонликча унутмайди.
Изоҳ (0)