“Қора либосли одамлар” сюжетига кўра, Ерда ўта махфий ташкилот агентлари томонидан кузатиладиган ўзга сайёраликлар яширинча яшайди. Баъзида оддий одамлар кундалик ҳаётда махсус хизматлар вакиллари билан тўқнаш келишади — фақат ҳеч ким бу муносабатларни эсламайди. Бунинг сабаби шундаки, фильмнинг асосий қаҳрамонлари — агентлар Кей ва Жей “хотира нейраллизатори” деб номланган махсус қурилмадан фойдаланади.
Ушбу қурилма кўринадиган ва кўринмайдиган ёруғлик тўлқинларини чиқаради, улар жуда тез алмашиниб туради. Ёрқин ёруғлик кўриш нервидан ўтиб, мияни зўриқтиради ва у ўзини ҳимоя қилиш учун ўчади. Бу лаҳзада барча янги хотиралар йўқолади ва қора кийимлилар уларни ўз версияси билан алмаштириш учун бир неча сония вақтга эга бўлади.
Хотирани ўчириш ғояси фантастик кўринади, аммо бу фақат биринчи қарашда: олимлар узоқ вақтдан бери хотираларни таҳрирлаш бўйича тажрибалар ўтказмоқда. Келинг, аслида Уилл Смит ва Томми Ли Жонс қаҳрамонлари каби нейростимулятор яратиш мумкинми ёки йўқлигини ва замонавий нейробиология бу борада қандай фикрда эканлигини кўриб чиқайлик.

Мия хотираларни қандай сақлайди
Хотирани ўчириш имконияти ҳақида гапиришдан олдин у қандай шаклланиши ва хотиралар миямизда қандай сақланишини тушуниш муҳим.
Мия миллиардлаб нейронлардан ташкил топган бўлиб, улар бир-бири билан электр ва кимёвий сигналларни узатувчи микроскопик бирикмалар — синапслар (бу икки нейрон ўртасидаги бўшлиқ бўлиб, у ерда улар маълумот алмашади) орқали ўзаро алоқада бўлади. Бу алоқалар бизнинг хотираларимизни шакллантиради ва сақлайди.
Хотирани қисқа муддатли ва узоқ муддатли турларга бўлиш мумкин. Хотираларнинг бир турдан бошқасига ўтишида асосий вазифани гиппокамп (бу миянинг хотирада асосий рол ўйнайдиган қисми) бажаради ва бу жараён консолидация деб аталади. Сўнгра маълумотлар мия пўстлоғининг турли қисмларига тақсимланади, зарур пайтда уларни қайта олиш мумкин бўлади.
Замонавий фан хотираларни тиклаш мураккаб фаол жараён эканлигини ва у нейронлардаги молекуляр ҳамда ҳужайрали ўзгаришларни ўз ичига олишини тасдиқлайди. Бу шуни англатадики, маълумотни миямиздан ҳар гал чиқариб ташлаганимизда, у аслида “қайта ёзилади”.

Бу жараёнда тасаввур ҳам иштирок этади, шу сабабли кўпинча хотиралар аслида бўлмаган янги тафсилот ва деталлар билан бойийди.
Бу ҳодиса реконсолидация деб аталади. Айнан шу хотиранинг ўзгарувчанлиги уни таҳрирлашга қаратилган илмий тажрибалар учун имкониятлар яратади.
Олимлар хотирани ўчиришнинг қандай усулларини синаб кўришган?
Хотирага таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир неча усуллар мавжуд, бироқ уларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳали ҳам муҳокама қилинмоқда.
Мияни электр билан стимуллаш
Бу усул нейрон тармоқларига таъсир ўтказиш учун магнит стимуляциясидан фойдаланишни назарда тутади. Масалан, бир тадқиқотда миянинг хотира учун масъул қисмларига таъсир кўрсатиш орқали синовдан ўтувчиларда вақтинчалик хотира йўқолишига эришилган. Олимларнинг тахминига кўра, бундай технология посттравматик стресс бузилиши билан оғриган одамларга салбий хотираларни енгишда ёрдам бериши мумкин.
Аслида, электростимуляция хотиранинг бутунлай ўчиб кетишидан кўра, кўпроқ эсга тушириш қобилиятининг вақтинчалик бузилиши билан боғлиқ.

Ёруғлик таъсири
Оптогенетика — нейробиологиядаги энг замонавий ва аниқ усуллардан бири бўлиб, у олимларга ёруғлик ёрдамида нейронларни бошқариш имконини беради. Бунинг учун мия ҳужайраларига махсус ёруғликка сезгир оқсиллар киритилади, улар маълум узунликдаги ёруғлик тўлқини билан нурланганда фаоллашади. Натижада маълум нейрон алоқаларини фаоллаштириш ёки аксинча, тўхтатиш мумкин. Албатта, бу технология ҳозирча фақат ҳайвонлар устида ўрганилмоқда.
2021 йилда шов-шувли тадқиқот эълон қилинди. Киото университети олимлари лаборатория сичқонларининг хотираларини ўчиришга эришди. Бунинг учун улар мияга кофилин оқсилини фаолсизлантирадиган махсус аденовирусни киритдилар — айнан шу оқсил қисқа муддатли хотирадан узоқ муддатли хотирага ўтказиш учун масъулдир.
Кейин сичқонлар гиппокампига икки марта оптик таъсир ўтказилди. Биринчи марта бу ҳайвонлар янги вазифани ўрганаётганда, иккинчиси эса ундан кейинги уйқу пайтида амалга оширилди. Чунки маълумки, хотираларни мустаҳкамлаш айнан уйқу пайтида содир бўлади.
Натижада кемирувчилар махсус қурилма билан нурлантирилгандан сўнг, аввалги куни ўрганган вазифа ҳақидаги хотираларини бутунлай йўқотди.

Хотирани ўчириш технологияларининг қандай чекловлари мавжуд?
Юқорида таъкидланганидек, хотирани таҳрирлаш соҳасидаги тадқиқотларнинг аксарияти бугунги кунга қадар ҳайвонларда ўтказилган. Масалан, сичқонларда ўтказиладиган тажрибалар ёруғликнинг бевосита мияга таъсирини ўз ичига олади. Бунинг учун ҳайвонларнинг бош суяги кесилган ва асаб тўқималари очилган — бундай хавфли аралашувларни одамларда қўллашни, албатта, ҳеч ким режалаштирмаяпти.
Асосий қийинчиликлардан яна бири шундаки, бир хил воқеа хотиранинг турли шакллари орқали намоён бўлиши мумкин. Ва уларнинг ҳар бири алоҳида нейрон тизимларини ишга солади. Травматик ҳодиса — масалан, автоҳалокатни — онгли эпизодик хотира, ҳимоя реакциялари ёки салбий субъектив ҳис-туйғулар шаклида сақланиб қолиши мумкин. Ва хотиранинг бир шаклини ўзгартириш ҳар доим ҳам бошқаларига таъсир этавермайди.
Шу сабабли фаннинг бу йўналишдаги сезиларли ютуқларига қарамай, хотираларни ўчириш ҳозирча фақат фантастика бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, кўплаб ахлоқий масалалар мавжуд. Қайси хотираларни ўчириш мумкин-у, қайсиларини йўқлигини қандай аниқлаш мумкин? Инсон ва унинг шахсияти учун бундай аралашувнинг қандай оқибатлари бўлиши мумкин? Буларнинг барчаси хотирани бошқариш технологиялари ҳақиқатга айланишидан олдин чуқур мулоҳаза қилишни талаб этади.
Изоҳ (0)