Англиянинг Глостершир графлигида бир йил аввал йўқолган Жинжер лақабли тошбақа эгасининг уйидан бир мил (тахминан 1,5 км) наридаги паб ортидан топилди, деб ёзади Daily Mail нашри.

Жинжер 10 йил давомида Сара-Жейн Мури исмли аёлнинг уй ҳайвони бўлиб яшаган. 2024 йил июнь ойида у қишлоқдаги панжара остидаги ерни ковлаб чиқиб, далага қараб йўл олган. Аёлнинг ветеринар дўсти сўзларига кўра, Жинжер бир неча йил аввал жон берган яна бир уй тошбақаси — Фредни излаб кетган бўлиши мумкин.
Мурининг сўзларига кўра, улар тошбақани узоқ вақт қидирган:
“У беркинишга уста жонивор, шунинг учун митти дўстимизни излаб топишнинг имкони йўқ деб ўйладик. Шунга қарамай, уйимиз атрофига эълонлар илиб чиқдик”, дейди Мури.

Орадан бир йил ўтиб ҳам тошбақа топилмагач, аёл ундан умидини узган эди. Аммо кутилмаганда унга қўнғироқ қилиб, Жинжер паб ёнидан топилганини айтишган:
“Уни қайтариб олганимиз биз учун мўжизавий воқеа бўлди. Чунки тошбақалар ёлғиз ҳолда қишдан омон чиқиши жуда қийин”, дейди тошбақа эгаси.
Ҳозирда Жинжер аввалгидек Мури хонадонининг орқа ҳовлисида яшаб келмоқда.

Изоҳ (0)