Lego ва Nike компаниялари 2025 йил ёзида бошланадиган ҳамкорлик лойиҳасини эълон қилди. Nike х Lego Collection деб номланган лойиҳа доирасида ўсмирлар учун кийим-кечак, пойабзал, аксессуарлар ва махсус Lego тўпламлари ишлаб чиқарилади. Дизайнни яратиш жараёнида болалар ва ўсмирлар ҳам иштирок этади.

1 июлдан Lego Nike Dunk х Lego Set номли конструктор тўплами сотувга чиқарилади. Нархи 99,99 евро бўлган ушбу тўплам 1180 та детални ўз ичига олади ва Nike Dunk кроссовкасини Lego кўринишида акс эттиради.

Тўпламда махфий бўлинмалар, алмаштириладиган боғичлар, айланувчи баскетбол тўпи, “DUNK” ёзуви, иккита майда фигурка ва мини кроссовкалар мавжуд. Модель ўлчами 25 х 38 х 13 сантиметрни ташкил қилади.

1 августдан Lego услубидаги Nike Аir Мах Dn кроссовкаси ҳам сотувга чиқарилади. У сариқ рангда бўлиб, сирти Lego ғиштларига ўхшаш услубда ишланади ва махсус логотипга эга болади. 1 сентябрдан эса оқ рангдаги Lego х Nike Dunk Low моделининг тақдимоти бўлиб ўтади.

Янги коллекция Lego ва Nike расмий дўконларида ҳамда уларнинг онлайн платформаларида сотувга чиқарилади.
Изоҳ (0)