Жиззахда ўқитувчиликка ишга кирмоқчи бўлган шахсдан пора талаб қилган мутасадди қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, вилоятнинг Зарбдор туманида яшовчи фуқаро Жиззах шаҳридаги 16-сонли ўрта умумтаълим мактабига иш қидириб борганида мактаб масъулларидан бири унга бўш иш ўрни борлигини, аммо бунинг учун пора бериши зарурлигини айтади.
Мутасадди фуқарога ишга қабул қилиш олдидан ўтказиладиган тест саволларининг жавобларини ваъда қилиб, яна кимдир ишга киришни истаса уни ҳам маълум пул эвазига ишга олишини билдирган.
Мактаб раҳбарларидан бири икки нафар ўқитувчини ишга олиш учун талаб қилган 16 миллион сўмидан аввалига 5 миллион сўмни олган. Шундан сўнг, ушбу шахс талаб қилинган сумманинг 11 миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” ҳамда “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)