Британиялик кўча рассоми Бенкси навбатдаги граффити суратини тақдим этди. У ўзининг янги асарини Instagram саҳифасида эълон қилди.

Суратда деворга чизилган қора майоқ тасвирланган. Граффити олдидаги тротуарда жойлашган устуннинг сояси майоқ пойдевори билан визуал уйғунлашиб, ўзига хос иллюзия ҳосил қилган. Унда:
“Сиз менда нимани кўраётган бўлсангиз, ана шундай бўлишни истайман” (“I wаnt to be what you see in me”) деган ёзув ҳам мавжуд.
Бенкси сурат жойлашган манзилни аниқ кўрсатмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу жой Франциянинг Марсель шаҳри, аниқроғи санъат муҳити, тор кўчалари ва кўплаб граффитилари билан машҳур Ле Пане (Ле Паниэр) тумани эканлигини айтишмоқда.
Бенкси 1990 йиллардан буён фаолият юритаётган аноним инглиз street-art (кўча санъати) рассоми, сиёсий фаол шахс ва режиссёрдир. Унинг асл исми ва келиб чиқиши номаълум бўлиб, шахси ҳақида кўплаб баҳс-мунозаралар мавжуд.


Бенкси ўзининг сатирик кўча санъати ва трафарет услубида ишланган суратлари орқали халқаро миқёсда эътироф қозонган. Унинг асарлари кўпинча қора ҳазил билан бойитилган бўлиб, улар замонавий жамиятнинг ижтимоий ва сиёсий муаммоларига кескин изоҳлар берувчи қисқа иборалар билан бойитилади.
Изоҳ (0)