Жанубий Кореяда жиноятчилик даражасини пасайтириш мақсадида табиий ўлчамдаги голографик полициячи пайдо бўлди. Бу ҳада Oddity Central хабар берди.

Маълум қилинишича, Сеулдаги Жюдонг боғида ҳар куни табиий ўлчамдаги голографик полициячи пайдо бўлиб, ўткинчиларга кузатув камералари мавжудлиги ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари фавқулодда вазиятларда дарҳол ҳаракат қилишга шай эканини эслатиб туради.
Ўтган йилнинг октябрь ойида тажриба тариқасида ўрнатилган модел аллақачон сезиларли натижа берган. Полиция маълумотларига кўра, парк ҳудудидаги жиноятлар сони тахминан 22 фоизга камайган. Жунгбу полиция бўлими бошлиғи Ан Дон Ҳённинг таъкидлашича, бу технология фуқароларда хавфсизлик ҳиссини оширади ва жиноятларнинг олдини олишда самарали таъсир кўрсатади.

“Биз истироҳат боғларида одамлар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган муҳит яратиш учун сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда бундай ташаббусларни кенгайтирамиз”, дейди полиция зобити.
Голограмма жиноятчиларни қўлга олишга қодир бўлмаса-да, полиция уни самарали тийиб туриш воситаси деб ҳисоблайди.
Шунга қарамай, аҳоли орасида бу янгилик турлича муносабатларни келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларда голограммани “замонавий қўриқчи” билан таққослашди ва одамлар “арвоҳ полициячи” билан учрашгандан сўнг паркка киришни тўхтатгани учун жиноятлар камайгани ҳақида ҳазиллашишди.
Изоҳ (0)