Каталониянинг “Барселона” клуби Мюнхеннинг “Бавария” жамоасида тўп сураётган испаниялик футболчи Брайан Сарагосани ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Бу ҳақда Испаниянинг El Chiringuito нашри хабар берди.

Манбага кўра, “Барселона” раҳбарияти Сарагосани Ла Лигада тўлиқ рақобатлаша оладиган даражадаги футболчи сифатида кўрмоқда. Шунингдек, унинг трансфер нархи ҳам клуб раҳбариятини қаноатлантиради.
23 ёшли футболчининг ўзи ҳам Каталония клубининг қизиқишидан хабардор. У ижтимоий тармоқларда ушбу хабар эълон қилинган постга “лайк” босган, бу эса унинг трансферга ижобий муносабат билдирганидан далолат беради. Маълумотларга кўра, “Барселона” яқин кунларда футболчини сотиб олиш бўйича расмий таклиф юборишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Сарагосанинг “Бавария” бош мураббийи Венсан Компанининг янги мавсум режаларига кирмаётгани ва ёзги трансфер ойнасида жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Гранада” академияси тарбияланувчиси бўлган Брайан Сарагоса ўтган мавсумни “Осасуна” сафида ижарада ўтказган. У 28 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол ва 6 голли узатмага муаллифлик қилган. Шунингдек, футболчининг Испания терма жамоаси сафида 1 та гол киритгани ҳам қайд этилган.
Transfermarkt маълумотига кўра, Сарагосанинг “Бавария” билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган бўлиб, унинг трансфер баҳоси 12 миллион еврога тенг.
Изоҳ (0)