Фарғона вилоятининг Қува туманида чиқинди ташиш хизмати учун аҳолидан асоссиз пул ундирилгани хабар қилинганди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бу борада раддия билан чиқди.

Июль ойининг бошларида Рақобат қўмитаси Қува туманидаги маҳаллаларда “Тозалик Санитар Сервис” МЧЖ тегишли асосида хизмат кўрсатмагани натижасида аҳолидан 1,7 миллиард сўмдан зиёд ортиқча маблағ ҳисобланганини маълум қилганди. Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг билдиришича, бошқарма томонидан чиқарилган қарорда 1 млрд 761 млн сўм маблағ ҳеч бир асоссиз нореал деб топилган.
Раддияда қайд этилишича, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Тозалик Санитар Сервис” МЧЖ чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатадиган Қува туманидаги “Байналминал”, “Жалаер”, “Ифтихор”, “Катта Қашқар”, “Мустақиллик”, “Намуна”, “Сўфи” МФЙларда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарорига асосан тасдиқланган низомда белгиланган тартибда ўрганишлар ўтказилмаган. Хизматлар кўрсатилмагани ёки тегишлича бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилгани ҳолатини тасдиқловчи далолатнома расмийлаштирилмаган.
“Байналминал”, “Жалаер”, “Ифтихор”, “Катта Қашқар”, “Мустақиллик”, “Намуна”, “Сўфи” МФЙлар раислари ҳамда ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан санитар тозалаш хизматлари кўрсатилмагани бўйича шу кунгача ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмаган бўлса-да, бошқарма томонидан ушбу ҳудудларда ҳеч қандай асосларсиз “хизмат кўрсатилмаган” деб қарор қабул қилинган.
Важ қилинган ушбу ўрганишда Қува туманидаги юқорида номлари келтирилган маҳаллаларга борилмаган ёки Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ва унинг вилоят бошқармасига ҳамкорлик бўйича ҳеч қандай мурожаатлар қилинмаган ҳамда ушбу ҳудудда ҳақиқатда хизмат кўрсатилгани ҳақида GPS мониторинг тизимидан маълумотлар олинмаган.
Агентлик хабарида айтилишича, Рақобат қўмитаси томонидан аввал ҳам Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона ва Наманган вилоятларидаги нореал қарздорликлар ҳақида хабарлар эълон қилинган бўлиб, мазкур расмий маълумотларни Чиқиндиларни бошқариш агентлигидан эмас, бошқа ташкилот ва идоралардан олишга уринилган.
Бу каби ўрганишлар ишчи гуруҳ таркибида соҳа фаолияти ҳақида тўлиқ маълумотга ва далилларга эга бўлмаган ходимларнинг шунчаки сохта ва юзаки хулосалари асосида тайёрланиб, жамоатчилик эътиборига нотўғри маълумот берилган.
“Қайд этиш жоизки, ушбу ўрганишларда агентлик ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мазкур йўналишдаги бирорта мансабдор вакили иштирок этмаган ва бу ўрганиш жараёнларининг асоси, ҳужжатлари қўмита ва бошқарма масъулларидан сўралганда ҳам тақдим эта олишмаган”, дейилади раддияда.
Маълум қилинишича, айни пайтда “Фарғона Тозалик Санитар Сервис” МЧЖ томонидан бошқарманинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан тегишли судга мурожаат қилинган.
Аввалроқ худди шундай ҳолатда бошқарма вилоятнинг Риштон туманида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини олиб борувчи “Агро Риштон Таъмир Сервис” МЧЖ етарли даражада хизмат кўрсатмагани юзасидан апрель ойида чиқарган қарори 30 июнь куни судда кўриб чиқилиб, ҳақиқий эмас деб топилган.
Ўзбекистонда жорий йил 1 августдан чиқинди хизматларидан қарздорлар учун электр тўловига чеклов ўрнатилади. Ҳар ойнинг 3-санасигача чиқинди хизматидан қарздорлар тўғрисидаги маълумотлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биллинг тизимига узатилади. Сўнгра қарздор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача хабарнома юборилади. Огоҳлантириш юборилганидан сўнг, қарздорликни бартараф этишга беш кун муддат берилади.
Изоҳ (0)